Сурхондарё вилоят ИИБга янги раҳбар тайинланди
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов иштирок этган сессияда дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси, подполковник Иноқов Бахтиёр Раҳимжонович Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум қилинди.

Сессияда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликни жиловлашга қаратилган амалий ишлар ва мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилинди. Уларни бартараф этиш чоралари муҳокама этилди. Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва профилактика ишларини кучайтиришга доир қарор ва топшириқларидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 723 та маҳалланинг 73 фоизи ёки 528 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмагани, ходимларнинг ташаббуси билан аниқланадиган жиноятларнинг сони 40 фоизга яхшилангани эътироф этилиб, 28 та маҳалла “қизил” тоифада қолаётгани танқид қилинди.

Янги тайинланган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиб, мурожаатлар ортидан юзага келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга ечим топиш, фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлаш юзасидан муҳим вазифалар юклатилди. Туман, шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларига жиноят содир этилишига замин яратаётган омилларни манзилли бартараф этиб, маҳаллалар бўйича натижадорликни ошириш топширилди.

Сессияда вилоятда осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири