Суперлиганинг 17-тур учрашувларини 77 мингдан зиёд ишқибоз кузатди
Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тури доирасидаги учрашувларни стадионлардан жами 77 минг 924 нафар мухлис кузатди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тури доирасидаги учрашувлар футбол мухлисларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Андижонда ўтказилган «Андижон» — «Нефтчи» баҳсига 19 минг 170 нафар мухлис ташриф буюрди. Мазкур кўрсаткич жорий мавсумдаги энг юқори ташрифлардан бири бўлди. Профессионал футбол лигаси маълумотларида ҳам ушбу учрашувга 19 минг 170 нафар мухлис ташриф буюргани қайд этилган.
Наманган марказий стадионидаги «Навбаҳор» — «Бунёдкор» учрашувини эса 18 минг 782 нафар ишқибоз стадиондан кузатди. Шу тариқа, икки учрашувнинг ўзида қарийб 38 минг нафар мухлис футбол завқини бевосита стадионда ҳис қилди.
Турнинг қолган баҳсларида ҳам мухлислар фаоллиги юқори бўлди. «Бухоро» ФА стадионидаги учрашувга 7 минг 440 нафар, «Динамо» стадионидаги баҳсга 7 минг 328 нафар, Қарши марказий стадионидаги ўйинга 6 минг 370 нафар мухлис ташриф буюрди.
Шунингдек, Ёшлар спорт мажмуасидаги учрашувни 5 минг 147 нафар, Қўқон марказий стадионидаги баҳсни 3 минг 600 нафар ишқибоз кузатган. ОКМК спорт мажмуасида эса 87 нафар мухлис қайд этилган.
Умуман, 17-тур доирасидаги баҳсларда стадионларга ташриф буюрган мухлисларнинг умумий сони 77 минг 924 нафарни ташкил этди.
Мухлисларнинг бундай фаол иштироки мамлакатимизда футболга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, Андижон ва Намангандаги юқори кўрсаткичлар ҳудудларда футбол муҳити ва мухлислар маданияти шаклланганидан далолат беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА