Суперлигада чемпионлик учун кураш тобора қизғин тус олмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 22-тур учрашувлари якунланди. Турнинг сўнгги баҳсида «Хоразм» ўз майдонида «Қизилқум»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ушбу тур натижаларидан сўнг, «Нефтчи» 51 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Фарғона жамоаси 22 тур давомида 50 та гол урди ва ўз дарвозасидан атиги 17 та тўп ўтказиб юборди. Чемпионлик учун курашда «Пахтакор» ҳам асосий даъвогарлардан бири бўлиб, пойтахт жамоаси 49 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. «Навбаҳор» эса 44 очко билан учинчи поғонадан жой олган.
Суперлига жадвалининг кейинги ўринларида «ОКМК» ва «Локомотив» 35, «Насаф» ҳамда «Бухоро» 34, «Андижон» ва «Динамо» 30 очкодан жамғарган ҳолда қайд этилган. «Қизилқум» 29, «Сўғдиёна» 28, «Сурхон» 26 очко билан 10–12-ўринларни банд этган. Шунингдек, «Бунёдкор» 22 очко билан 13-ўринда, «Хоразм» 21, «Қўқон-1912» 20, «Машъал» эса 4 очко билан қуйи поғонада қолмоқда

Миллий чемпионатимизнинг бу йилги мавсумида тўпурарлар баҳси ҳам қизғин ўтмоқда. Гарча «Сўғдиёна» лигада ўртамиёна жамоага айланиб қолган бўлса-да, клуб ҳужумчиси Люпчо Дориев 14 та гол билан тўпурарлик пойгасида пешқадамлик қилмоқда. «Нефтчи» вакили Стипе Перица 12, «Локомотив» футболчиси Темурхўжа Абдухолиқов эса 11 та гол билан уни таъкиб этмоқда. Анваржон Ҳожимирзаев («Динамо»), Бобур Абдухолиқов («Насаф») ва Шерзод Эсанов («Бухоро») 9 тадан гол урган.
Суперлиганинг 23-тур учрашувлари 7–11 октябрь кунлари ўтказилади. Турнинг дастлабки баҳсида «Нефтчи» ўз майдонида «Хоразм»ни қабул қилади. 9 октябрь куни «Пахтакор» — «Бунёдкор», «Қўқон-1912» — «Машъал», «Бухоро» — «Андижон» ва «Насаф» — «Динамо» учрашувлари бўлиб ўтади.

10 октябрь куни «Қизилқум» — «Сурхон» баҳси ўтказилса, 11 октябрь куни «ОКМК» — «Навбаҳор» ҳамда «Сўғдиёна» — «Локомотив» учрашувлари билан 23-турга якун ясалади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА