Суперлига: ОКМК иродали ғалаба қозонди, “Пахтакор” очко йўқотди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 12-тури доирасида навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Куннинг энг муросасиз баҳсида ОКМК “Навбаҳор” устидан иродали ғалабага эришди, “Пахтакор” эса ўз майдонида “Локомотив” билан дуранг қайд этди.
Тошкентдаги “Олимпия” стадионида ўтказилган баҳсда “Навбаҳор” ва ОКМК жамоалари мухлисларга кескин кураш тақдим этди. Учрашувда мезбонлар икки бор ҳисобда олдинга чиққан бўлса-да, Олмалиқ клуби вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди ва қўшимча вақтда киритилган гол эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Муборакдаги “Ғузор Марказий” стадионида кечган баҳсда “Машъал” “Қўқон-1912” устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу натижа мезбонларга турнир жадвали учун муҳим уч очко келтирди. Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида эса “Пахтакор” ва “Локомотив” жамоалари ғолибни аниқлай олмади. Ҳисоб 1:1 кўринишида якунланиб, ҳар икки жамоа бир очкодан жамғарди.
12-тур доирасидаги яна икки учрашув 18 июль куни соат 20:00 да старт олади. Навоийдаги “Ёшлар” спорт мажмуасида “Қизилқум” “Динамо”ни қабул қилса, Андижондаги “Бобур Арена”да “Андижон” ва “Сурхон” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА