Суперлига: 23-турда бизни қандай шиддатли баҳслар кутмоқда?
Бугун ФИФА кунлари муносабати билан икки ҳафталик танаффусдан сўнг футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 23-тур учрашувлари старт олади.
Турнинг очилиш учрашувида Фарғонада «Нефтчи» жамоаси «Хоразм»ни қабул қилади. «Истиқлол» стадионида ўтказиладиган баҳс соат 19:00 да бошланади.
9 октябрь куни Суперлигада тўртта учрашув бўлиб ўтади. Куннинг дастлабки баҳси Қўқонда «Қўқон-1912» ва «Машъал» жамоалари ўртасида кечса, Тошкентда «Пахтакор» ўз майдонида «Бунёдкор» билан куч синашади. «Бухоро» — «Андижон» учрашуви Бухорода, «Насаф» — «Динамо» баҳси эса Қаршида ўтказилади.
10 октябрь куни «Қизилқум» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилади. 23-тур доирасидаги сўнгги икки учрашув 11 октябрь кунига режалаштирилган. Унда ОКМК — «Навбаҳор» ҳамда «Сўғдиёна» — «Локомотив» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Маълумот учун, 22-тур учрашувларидан сўнг, «Нефтчи» 51 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Фарғона жамоаси 22 тур давомида 50 та гол урди ва ўз дарвозасидан атиги 17 та тўп ўтказиб юборди. Чемпионлик учун курашда «Пахтакор» ҳам асосий даъвогарлардан бири бўлиб, пойтахт жамоаси 49 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. «Навбаҳор» эса 44 очко билан учинчи поғонадан жой олган.
Суперлига жадвалининг кейинги ўринларида ОКМК ва «Локомотив» 35, «Насаф» ҳамда «Бухоро» 34, «Андижон» ва «Динамо» 30 очкодан жамғарган ҳолда қайд этилган. «Қизилқум» 29, «Сўғдиёна» 28, «Сурхон» 26 очко билан 10–12-ўринларни банд этган. Шунингдек, «Бунёдкор» 22 очко билан 13-ўринда, «Хоразм» 21, «Қўқон-1912» 20, «Машъал» эса 4 очко билан қуйи поғоналарда қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА