Сунъий онг ва инсон ҳаёти: тиббиётдаги янги давр
Биз яшаётган давр глобал ўзгаришлар даври. Бу ўзгаришлар, албатта, сунъий интеллект технологияларининг ривожи билан чамбарчас боғлиқ. Бугун сунъий интеллектнинг тиббиёт соҳасидаги имкониятлари инсон меҳнатини енгиллаштирувчи воситага айланмоқда. Шу ўринда бир очиқ савол пайдо бўлади: биз сунъий интеллектга тўлиқ ишонишимиз тўғрими?
Сунъий интеллект бугунги кунда замонавий соғлиқни сақлашнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. СИ тиббиётда илгари ечими қийин бўлган муаммоларни ҳал этиш имкониятини яратди. Сўнгги ўн йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасида AI қўлланилиши сезиларли даражада ошди. Сунъий интеллектнинг пайдо бўлиши соғлиқни сақлаш натижаларини яхшилаш, харажатларни камайтириш, касалликларни тез аниқлаш ва уларнинг олдини олиш имконини бермоқда. Замонавий технология сифатида AI радиология, офталмология, патология ва дерматология соҳаларида тасвирга асосланган ташхис қўйиш, геном маълумотларини таҳлил қилиш, клиник прогнозлаш, биомаркерларни аниқлаш ҳамда роботлаштирилган жарроҳлик амалиётларини назорат қилишда қўлланилмоқда.

Сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологиялар
Генератив сунъий интеллект (GAI)дан фойдаланиш айрим ҳолларда нотўғри ташхис эҳтимолини камайтиришга ёрдам бермоқда. GAI — бу матн, тасвир, аудио, компьютер коди ва видео каби турли шаклларда янги контент яратишга қодир технология. Сўнгги йилларда генератив AI соғлиқни сақлаш соҳасида катта ўзгаришлар олиб келиши кутилмоқда. У шифокорларга касалликларни аниқлаш, даволаш ва беморларга яхшироқ хизмат кўрсатишда ёрдам беради. Бир қатор тадқиқотлар натижасида генератив АI самарадорлиги юқори экани аниқланган. Олимлар ушбу технологияни чуқур ўрганиб, унинг ишлаш механизми, фойдаси ва камчиликларини таҳлил қилган. Ҳозирда тиббиётда бир нечта GAI тизимлари қўлланилмоқда. Энг машҳурлари - ChatGPT, Google Gemini ва Microsoft Copilot GAI тиббиётда 20 дан ортиқ йўналишда қўлланилади.
Виртуал шифокор ва чатботлар
Ada Health — касаллик белгиларини ўрганиш ва дастлабки ташхис қўйишда ёрдам беради.
Babylon Health— онлайн тиббий тавсиялар беради.
Apple Watch — юрак уришини кузатади ва назорат қилади.
Google DeepMind — кўз касалликлари ва буйрак муаммоларини аниқлашда қўлланилади.
IBM Watson Health — саратон касалликларини аниқлашда ёрдам беради ва даволаш бўйича тавсиялар беради. Масалан, AR (кенгайтирилган реаллик) ва VR (виртуал реаллик) билан бирга ишлаганда янада катта имкониятлар яратади, шифокорлар беморлар билан боғланиб, амалий машғулотларни масофадан туриб бажаришга ёрдам беради. 2022 йилда АҚШда амалга оширилган тадқиқотда, AI тизими 85 фоиз аниқлик билан юрак хасталикларининг келажакда ривожланиш омилларини кўрсатиб бера олган.

Сунъий интеллектга ишонайликми ёки шифокорга?
Сунъий интеллект кенг қўлланилишидан олдин тиббиёт тизимида беморлар сонининг кўплиги, ташхис қўйишдаги кечикишлар ва шифокорларнинг ортиқча юклама остида ишлаши каби муаммолар мавжуд эди. Тиббиёт ходимлари кўпинча чекланган вақт ҳамда жисмоний ва руҳий чарчоқ сабаб ҳар бир беморга етарли эътибор қаратишда қийинчиликларга дуч келади. Сунъий интеллект эса ёрдамчи восита сифатида исталган вақтда тезкор жавоб бериши, ҳиссий босимга эга эмаслиги ва катта ҳажмдаги маълумотларни қисқа вақт ичида таҳлил қилиши билан ажралиб туради.
Бироқ, у шифокор тажрибаси ва инсоний ёндашувни тўлиқ алмаштира олмайди дея мутахассислар бот-бот такрорлашмоқда. Сунъий интеллект технологияларининг тиббиёт соҳасидаги қўлланилиши кўплаб фойдали имкониятларни яратган бўлса-да, ўз муаммоларини ҳам келтириб чиқармоқда.
AI тизимлар баъзи ҳолларда ноаниқлик ва хатоликлар келтириб чиқариши мумкин. Масалан, баъзи СИ тизимлари тиббий тасвирларни нотўғри таҳлил қилиши ёки касалликларни нотўғри аниқлаши мумкин. 2022 йилда ўтказилган тадқиқотда сунъий интеллект тизимининг 5 фоиз ҳолларда нотўғри ташхис қўйиши аниқлангaн.
Шу билан бирга, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш сунъий технологиянинг зиммасига бириктирилмаган, шунингдек, нотўғри даволаш орқали беморга зарар етган ҳолатларда сунъий ақил эмас, балки AI технологияларидан фойдаланадиган тиббиёт ташкилотлари маркази жавобгарликка тортилади. Бу технологиялар ҳамма учун бирдек мавжуд бўлмаслиги ва қиммат бўлиш хавфи ҳам бор.
Келажакда сунъий интеллект янада ривожланиб, соғлиқни сақлашда кенг қўлланилиши кутилмоқда. Бунинг учун хавфсизлик, ахлоқий меъёрлар тўғри йўлга қўйилиши жуда муҳим. Технология инсон учун фақат ёрдамчи вазифасида бўлиши керак, ўрнини эгаллаши эмас.
Меҳрибону Тўлқинова,
ЎзА