Сунъий интеллект инсон ўрнини эгаллай олмайди (+видео)
Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов сунъий интеллектнинг санъатга таъсири ва бу технология орқали яратилаётган сунъий овозлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда инсоният техника асрида яшамоқда ва сунъий интеллект ҳаётимизнинг турли жабҳаларига жадал кириб келмоқда. Айниқса, ёшлар орасида технология, рақамли воситалар ва янги инновацияларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, бу жараён санъат ва маданиятга бўлган эътиборни камайтирмаган.
Илҳом Иброҳимовнинг айтишича, авваллари санъаткорлик касбига нисбатан қарашлар бошқачароқ эди. Кўпчилик бу соҳани жиддий касб сифатида қабул қилмас, ҳатто фарзандларига “санъаткор бўласанми?” деган муносабатда бўларди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарган. Ота-оналар фарзандларини атайлаб мусиқа мактабларига, маданият марказларига олиб келиб, уларнинг истеъдодини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу эса жамиятда санъат ва маданиятга бўлган ишонч, ҳурмат ва қизиқиш сезиларли даражада ортганини кўрсатади.
—Сунъий интеллект орқали яратилаётган овозлар келажакда жонли ижро ва ҳақиқий санъат ўрнини эгаллаб қўйиши мумкинми?
—Cунъий интеллект қанчалик ривожланмасин, унинг энг катта камчилиги — унда ҳис-туйғу йўқлиги. Инсон овозидаги дард, руҳ, ички кечинма ва ҳар бир сўзга берилган табиий акцентни “машина” тўлиқ такрорлай олмайди. Айнан шу жиҳат санъатнинг ҳақиқий кучини белгилайди. Чунки қўшиқ ёки шеър фақат сўзлардан иборат эмас, балки унда ижрочининг қалби, туйғуси ва ҳаётий тажрибаси мужассам бўлади.
Илҳом Иброҳимов, шунингдек, ўзбек томошабини санъатдаги нозик жиҳатларни яхши ҳис қилишини таъкидлаб, халқимиз ҳақиқий овоз билан сунъий яратилган овоз ўртасидаги фарқни англай олишини айтди.
“Санъатнинг жони — ҳис ва туйғуда. Буни эса ҳеч қандай сунъий интеллект тўлиқ алмаштира олмайди”, — деди у.
Унинг фикрича, технологиялар санъатга ёрдамчи восита бўлиши мумкин, аммо ҳақиқий ижод ва жонли ижронинг ўрни ҳамиша алоҳида бўлиб қолади. Шу боис, келажакда ҳам халқимиз орасидан янги, кучли ва истеъдодли санъаткорлар етишиб чиқаверади.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/CK9UoxQ816E" title="Sun’iy intellekt inson o‘rnini egallay olmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова,
Муқимжон Қодиров (видео),
Салим Обиджонов (монтаж),
ЎзА