Сунъий интеллект, фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Сеулда Марказий Осиё ва Корея ўртасида фан, технология ҳамда сунъий интеллект бўйича муҳим учрашув бўлиб ўтди. Бу стратегик музокаралар минтақамизга қандай янги имкониятлар очиши мумкин?
Давлатимиз раҳбарининг дўстона алоқаларни кучайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати натижасида қатор соҳаларда муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Бу эса ижобий натижаларга эришишга замин яратмоқда.
Ана шундай ҳамкорликларнинг узвий давоми ўлароқ, Сеул шаҳрида Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатларининг сунъий интеллект, фан ва технологиялар соҳасидаги вазирлар даражасидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар офиси директори Акбархон Собирхонов Ўзбекистон номидан фан ва технологиялар йўналиши бўйича иштирок этди. Учрашувда Корея Республикаси ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида фан, технологиялар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, музокаралар доирасида Корея ва Марказий Осиё мамлакатларининг мавжуд салоҳиятини бирлаштириш, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, давлат ташкилотлари ва технологик ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қолаверса, келгусидаги ҳамкорликни қўшма лойиҳалар ва амалий натижалар билан бойитиш зарурлиги қайд этилди.
Якунда соҳа учун муҳим келишувларга эришилиб, ҳамкорликнинг янги босқичларига умид билдирилди. Бундай ташаббуслар мамлакатларнинг нафақат сиёсий, балки маданий жиҳатдан ҳам бир-бирига яқинлаштириши таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА