Сумо: Бакуда ўзбекистонлик спортчилар жаҳон чемпионати совриндори бўлди
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида сумо бўйича ўтказилган турли ёш тоифалари ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз вакиллари муносиб натижалар қайд этишди.
Айтиш лозим, катталар ўртасида кечган 27, аёллар ўртасидаги 18, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги 20 ва 12-жаҳон чемпионатларида 30 дан зиёд давлатнинг маҳоратли сумо усталари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси ўз йўналиш ва ёш тоифаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Икки кунлик шиддатли беллашувлар натижасида маҳоратли спортчимиз Дурдона Абдужабборова аёллар ўртасидаги мутлақ вазн тоифасидаги баҳсларда бир қатор Европа ва Осиё мамлакатларининг сумочи қизларидан устунликка эришди. Финал беллашувида япониялик рақибига имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди.
Чемпионатнинг катталар ўртасидаги баҳсларда қатнашган ҳамюртимиз Владислав Булыгин Бакуга бекорга келмаганлигини амалда исботлади.

У 115+ килограмм оғирликда ўз йўналишида Украина, Болгария, Қирғизистон каби давлат вакиллари билан ўтган муросасиз беллашувларда куч-қудратини намойиш этиб, XXVII жаҳон чемпионатининг бронза медалига эгалик қилди.
– Мамлакатимиз сумочилари бундай даражадаги нуфузли мусобақада, расмий жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этиши. Шундай бўлса-да Тошкентда ўтказилган ўқув-машғулот йиғинлари, Япония, Россия ва бошқа мамлакат терма жамоалари билан ҳамкорликдаги йиғинларимиз натижасида терма жамоамиз аъзоларида ўзига бўлган ишонч ортди. Бу ишонч жаҳон чемпионатида 2 та совринли ўринни эгаллашимизни таъминлаганидан хурсандмиз. Жаҳон чемпионатида қатнашган 30 тадан зиёд терма жамоалар орасида умумий ҳисобда 12 та мамлакат вакиллари медалларга эга чиққан бўлса, улар орасида Ўзбекистон вакилларининг борлиги эътиборли бўлди, – дейди телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон сумо федерацияси раиси Камол Усмонов.
Баку спорт майдонида совриндор бўлган юртимиз сумо спорти усталари бугун Тошкентга қайтиб келади.
Т. Рўзиев, ЎзА