Сумкадан бўғма илон топилди
“Навоий” чегара божхона постида қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаронинг қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали текширилганда, унинг ичида тирик илон борлиги маълум бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жонивор йўлбарссимон бўғма илони бўлиб, мазкур турнинг табиий яшаш ҳудуди Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига тўғри келади. Халқаро муҳофаза остидаги бу ҳайвонни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш учун махсус CITES рухсатномаси талаб этилади. Бироқ, йўловчи бундай ҳужжатларни тақдим этмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Илон эса белгиланган тартибда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, унинг ҳолати қониқарли экани маълум қилинди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири