Суғурта ва электрон тижорат соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Суғурта хизматлари бозори ривожланмоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши мазкур соҳадаги қоидаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларидаги меъёрларни мувофиқлаштириш зарурлигини келтириб чиқармоқда.
Электрон тижорат соҳаси субъектларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада тартибга солишни кучайтириш, фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида самарали давлат назоратини таъминлаш зарурати ортиб бормоқда.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
– Қонун билан суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ваколатли давлат органининг назорат вазифалари кенгайтирилмоқда, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби жорий этилиб, мазкур фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида ваколатли давлат органини хабардор қилмаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ва суғурта хизматлари истеъмолчилари учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Электрон тижорат соҳаси такомиллаштирилади, операторлар фаолияти устидан самарали назоратни йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш таъминланади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА