Судьялар корпуси шаффофлик асосида шаклланади ва фаолиятида очиқликка риоя қилади
Аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини самарали таъминлаш, суд мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини тубдан ошириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида суд органларини малакали кадрлар билан тўлдиришга эътибор қаратилмоқда. Зеро, соҳанинг қандай фаолият юритиши кадрларга бевосита боғлиқ.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 11 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилиши таъминланмоқда.
Бу фикрлар Судьялар олий кенгаши ҳамда Одил судлов академиясида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган пресс-тур давомида билдирилди.
Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Президент фармони асосида судьялар корпусини шакллантириш тартиби такомиллаштирилиб, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари роли ва масъулияти оширилганини қайд этди. Энг муҳими, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартиби жорий этилди.

Тадбирда журналистларга Судьялар олий кенгаши ҳамда у ерда яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, судьялик лавозимларига энг муносиб номзодларни танлаш жараёнига ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш, судьяларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаб бориш борасидаги рақамлаштириш жараёнлари кўрсатиб берилди.
Одил судлов академияси фаолияти билан танишув доирасида журналистларга суд имитацияси хонаси, судьяликка номзодларни психологик тайёрлаш жараёнлари, Ахборот ресурс маркази хонаси имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида ОАВ билан ҳамкорлик ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ишларини изчил давом эттириш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан тегишли таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Ижодий танлов ғолиблари ҳамда фаол журналистлар касб байрами муносабати билан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Норгул Абдураимова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА