Судьялар инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда Хива ва Самарқанд шаҳарларида тергов судьялари учун тренинглар ташкил этилди.
Судьяларнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш борасидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган ўқув машғулотларида Бухоро, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан келган судьялар иштирок этди.
Икки нафар халқаро эксперт томонидан олиб борилган тренинг доирасида аниқ ҳолатлар таҳлили ва интерактив муҳокамалар ўтказилди. Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан танишиб, уларни миллий ҳуқуқий тизимда қўллаш усулларини ва бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибаларини кўриб чиқди.

Халқаро эксперт Клаудия Фенц иштирокчиларнинг фаоллиги, муҳокамалар мазмунли ва конструктив руҳда ўтганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, узлуксиз таълим, шу жумладан тергов судьяларининг малакасини ошириш адолат, қонунийлик ва жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тренинг давомида аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш, айниқса, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ЎзА