Суд тизимини такомиллаштиришнинг янги босқичи
Муносабат
Биз, суд тизими ходимлари, ҳар куни хизмат вазифамизга киришар эканмиз, суд шунчаки давлат идораси эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, адолатни таъминловчи олий маскан эканини чуқур ҳис қиламиз. Ушбу даргоҳ фаолиятидаги кичик бир камчилик ҳам нафақат бир инсоннинг тақдирига, балки бутун жамиятнинг давлатга ва қонун устуворлигига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишга бағишлаб ўтказилган тақдимотда илгари сурилган ташаббуслар одил судловда поклик ва ҳалолликни таъминлашнинг том маънодаги ҳуқуқий кафолати бўлди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан янгилаш, уни чинакам мустақил ва халқчил тизимга айлантириш бўйича изчил қадамлар ташланмоқда. Бироқ, фақат судьяларнинг қонунларни мукаммал билиши тўлақонли адолатни таъминлаш учун етарли эмас. Сабаби, суд процесси яхлит бир занжир бўлиб, унда нафақат судьялар, балки ҳужжатларни тайёрлаш ва ижро этиш жараёнида қатнашадиган қарийб 4,8 минг нафар суд аппарати ходимларининг ҳам масъулияти мавжуд.

Шундан келиб чиқиб тақдимотда тизимда коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ходимларнинг касбий масъулиятини юксалтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Таклиф этилаётган янги тизим суд фаолиятини турли салбий хавфлардан асровчи кучли ҳимоя механизми вазифасини ўтайди.
Ушбу мақсад йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бу – Олий суд таркибида тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунувчи, мустақил Комплаенс назорати хизматининг ташкил этилишидир. Бу тизим ҳудудлардаги барча судларда қонун устуворлиги ва касб этикаси талабларига риоя этилишини таъминловчи комплаенс инспекторлари фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутади.
Агар илгари коррупция ҳолатларига улар содир бўлгандан кейингина ҳуқуқий баҳо берилган бўлса, эндиликда тизим буткул ўзгаради. Янги хизмат хавф-хатарларни ҳали содир бўлмасдан туриб аниқлайди, баҳолайди ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини барвақт бартараф этади. Бу эса ҳалол меҳнат қилаётган ходимлар учун касбий ҳимояни таъминлаб, қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз муҳит яратади.
Шу билан бирга, судлар аппаратида хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхати аниқ тасдиқланиб, инсон омили юқори бўлган барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Бу чоралар орқали субъектив ёндашувлар ва турли шубҳали ҳолатларга бутунлай чек қўйилади.
Шу билан бирга, бугунги ислоҳотлар доирасида суд тизимига энг илғор рақамли технологиялар фаол олиб кирилмоқда. Хусусан, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун манфаатлар тўқнашуви, даромад ва мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизими жорий этилмоқда. Ушбу шаффофлик ходимларнинг жамият олдидаги масъулиятини янада оширади.
Яна бир муҳим янгилик – суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурининг такомиллаштирилишидир. Ишлар қайси судьяга тушиши ҳамда қайта тақсимланиш мезонларининг аниқ ва шаффоф бўлиши процессуал иштирокчиларда ҳеч қандай шубҳа ёки эътироз қолдирмайди. Коррупция ва интизом бузилиши ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш тизими ҳамда фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларининг яратилиши эса ички назоратни янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими ҳам тубдан янгиланмоқда. Бундан буён бўш лавозимларга кадрлар фақат очиқ танлов ва меритократия, яъни шахснинг билим, тажриба ва иқтидорига қараб баҳоланиши тамойили асосида қабул қилинади. Ҳар бир номзоднинг маънавий-ахлоқий сифатлари ва коррупцияга қарши барқарорлиги жиддий текширилади. Ходимлар учун тадбиркорлик билан шуғулланиш ва чет элда ҳисобварақ очиш каби чекловлар жорий этилиши эса холисликни таъминлашнинг муҳим шартидир.
Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимининг жорий этилиши ҳам алоҳида қайд этилди. Либос – бу шунчаки мато эмас, у – масъулият тимсоли. Шу либосни кийган ҳар бир ходим ўз қаддини баланд тутиш билан бирга, давлат номидан иш кўраётганини, ҳар бир ҳаракати, ҳаттоки гапириш маданияти ҳам этика меъёрларига мос бўлиши кераклигини чуқур англайди.
Умуман олганда, йиғилишда илгари сурилган стратегик ташаббуслар соҳа ва ҳаётга кенг татбиқ этилиши давлатимиз раҳбарининг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши билан мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди. Мазкур ҳужжат суд тизимида коррупцияга қарши курашиш, инсон омилини бартараф этиш ва кадрлар сиёсатини тубдан соғломлаштиришга қаратилган янгиланишларни тизимли равишда ҳаётга жорий этиш механизмини белгилаб берди. Эндиликда комплаенс назорати кучайтирилиши, кадрларни танлашда меритократия тамойиллари ва замонавий рақамли тизимлар изчил қўлланилиши суд аппарати ходимларининг хизмат масъулиятини тубдан оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш фуқароларнинг давлатга ҳамда қонун устуворлигига бўлган ҳурматини шакллантирадиган асосий омилдир. Янги ҳуқуқий асослар негизида амалиётга татбиқ этилаётган бундай тизимли чора-тадбирлар мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, очиқлиги ва софлигини таъминлашга хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА