Суд фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Авлодлар учрашуви” маърифий лойиҳаси доирасида суд тизимида узоқ йиллар ҳалол ишлаб, жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътибор қозонган суд фахрийлари билан ёшлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан суд фахрийлари ва амалиётда фаолият кўрсатаётган судьялар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этган тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, жамиятда инсон қадр-қиммати, унинг шаънини энг олий қадрият сифатида қарор топтириш ғоясини мустаҳкамлашдан иборат. Зеро, адолатли жамият қуриш, энг аввало, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларига ҳурмат билан ёндашишдан бошланади.
Шу нуқтаи назардан, мазкур учрашувлар судьялик лавозимига яқинда тайинланган ёш судьялар учун ўзига хос маънавий ва касбий ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Унда суд фахрийларининг ҳаётий тажрибаси, қабул қилинган мураккаб қарорлар ва улар ортидаги масъулият ҳисси ёш судьяларга адолат мезонларига содиқ қолиш, ҳар бир ишда холислик ва виждонан ёндашиш зарурлигини янада теран англаш имконини беради.
Тадбир доирасида суд тизими ривожига, қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга салмоқли ҳисса қўшган фахрий судьялар, шунингдек, бугунги кунда самарали фаолият юритаётган ходимларни тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирга байрамона руҳ бағишлаш мақсадида адабиёт ва санъат вакиллари иштирокида маданий дастур ташкил этилди. Куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Шунингдек, фахрий судьялар ва тизимга эндигина кириб келаётган ёш ходимлар ўртасида очиқ мулоқот ва самимий давра суҳбати ўтказилди. Унда фахрийлар ўзининг кўп йиллик тажрибаси, судьялик фаолиятида учраган мураккаб ҳолатлар ва уларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўзлаб берди.
Бундай мулоқот ёш ходимлар учун амалий аҳамиятга эга бўлиб, уларда касбий этика, холислик ва суд маданиятига оид тушунчаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, ушбу учрашув устоз-шогирд анъаналарини мулоқот орқали мустаҳкамловчи самарали майдон сифатида намоён бўлди.
– Учрашув Қорақалпоғистон суд тизими ҳаётида ниҳоятда унутилмас воқеа бўлди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан келган машҳур судьялар узоқ йиллар ҳалол ва пок ишлаб, ўзига хос ибрат мактабини яратган устозлар бугунги авлод вакиллари билан дийдорлашдилар, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Гулистон Эшназарова.
Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари икки гуруҳга бўлинган ҳолда таълим муассасаларига ташриф буюрдилар.
Биринчи гуруҳ Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талаба-ёшлар билан “Ёшлар ва келажак” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ёшларнинг касбий танлови, ҳуқуқий онгини юксалтириш ва келажакдаги мақсадларини аниқ белгилаш масалалари муҳокама қилинди. Иккинчи гуруҳ эса Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида истеъдодли ижодкор ўқувчилар билан учрашди. Унда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш ва изланишга рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-29178]
Учрашувлар якунида эришган ижодий ютуқлари, фаоллиги ва бетакрор иқтидори билан ажралиб турадиган бир гуруҳ ёшлар Судьялар олий кенгашининг мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди. Бу эса уларни янада фаол бўлишга, билим ва истеъдодини ривожлантиришга ундайди.
Тадбир якунида иштирокчилар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳам бўлди. Мазкур ташриф меҳмонларга Қорақалпоғистоннинг бой маданий мероси, тасвирий санъат намуналари ҳамда тарихий экспонатлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.