Стритбол бўйича республика финал босқичи ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилоятида ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган навбатдаги йирик спорт тадбири – “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла ёшлари ўртасида стритбол бўйича республика финал босқичи юқори савияда ўтказилди.
11-14 август кунлари Гулистон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 140 нафар ёш спортчи иштирок этди.
Стритболнинг ўзига хос жиҳати ўйиннинг юқори суръатда кечиши, тез қарор қабул қилиш ва жамоавий ҳаракатни талаб этишидир. Шу боис мусобақа давомида ҳар бир учрашув кескин ва қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Ёш спортчилар майдонда тезкорлик, аниқлик, жисмоний тайёргарлик ва техник маҳоратини намоён этиб, ҳар бир очко учун муросасиз кураш олиб борди.
[gallery-30883]
Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ҳудудларда спорт билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг маҳоратини янада ошириш ва келгусида юқори натижаларга эришиши учун муҳим майдон вазифасини ҳам ўтади.
Беллашувлар якунига кўра, 16-21 ёш тоифасида Тошкент шаҳар жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти ва Хоразм вилояти жамоалари мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлди.
22-30 ёш тоифасида эса Сурхондарё вилояти жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Тошкент шаҳар жамоаси иккинчи, Сирдарё вилояти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг якуний тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар муносиб эътироф этилди. Уларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА