Стратегик мулоқот ва ҳамкорлик доирасида тажрибалар алмашилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимиз ва халқаро таҳлилий марказлар ўртасидаги мулоқот кенгайиб, устувор йўналишлар доирасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Илмий-таҳлилий институтлар билан ўзаро тажриба алмашиш минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим саналади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Истанбул шаҳрига ташрифи доирасида марказ ижрочи директори Элдор Туляков Туркиянинг “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди президенти доктор Аккан Сувер ҳамда вице-президент Жафер Окрай билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Шунингдек, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий жараёнлар, глобал хавфсизлик масалалари ҳамда “Marmara Group” жамғармаси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган Евроосиё иқтисодий саммитининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Мулоқотда Элдор Туляков икки томон ўртасида шаклланган узоқ йиллик конструктив ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар юксак қадрланишини таъкидлади.
Бундай учрашувлар институционал алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро англашувни чуқурлаштириш ҳамда янги амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Томонлар келгусида ҳам ўзаро қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишларини билдирди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА