Стол тенниси: Осиё чемпионатининг рамзи тақдим этилди
Жорий йилнинг 19-25 октябрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда стол тенниси бўйича 29-ITTF–ATTU қитъа чемпионати бўлиб ўтади.
Куни кеча Осиё стол тенниси федерацияси мазкур нуфузли мусобақанинг рамзини эълон қилди.
Тоши номи остида қор барси “Осиё стол тенниси чемпионати — Тошкент 2026” мусобақасининг расмий маскоти сифатида тақдим этилди. У Ўзбекистоннинг ноёб ва муҳофаза қилинадиган ҳайвонларидан бири қор барси образи асосида яратилди.

Қор барси илмий адабиётларда ирбис номи билан ҳам аталади. У Марказий Осиёнинг осмонўпар тоғларида, жумладан Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида яшайдиган ноёб жонзод ҳисобланади.
Қор барси ўзининг кучи, чаққонлиги, жасорати ва чидамлилиги билан ажралиб туради. Қояли ва баланд тоғларда ҳаракатланишга мослашган мушуксимонлар оиласига мансуб қор барси табиатдаги мувозанатни сақлашда муҳим ўрин тутади.
Ушбу рамз орқали Ўзбекистоннинг табиий бойликлари, миллий қадриятлари ва спортдаги куч-ғайратини уйғунлаштириш мақсад қилинган.
Т. Рўзиев, ЎзА