Статистика соҳасидаги ислоҳотлар
Йиғма статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилигини таъминлашда кадрлар салоҳияти ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат статистика қўмитаси томонидан “Статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва уларнинг очиқлигини таъминлаш борасида миллий статистика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги вазифалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда статистика соҳасига доир қабул қилинган қарорлар ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси статистика соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, олиб борилган амалий ишлар натижасида бугунги кунда қўмитанинг расмий сайтида 1 миллиондан ортиқ макроиқтисодий кўрсаткич, фойдаланувчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун 90 дан ортиқ таҳлилий статистик маълумот ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилиниб борилмоқда.
Йиғма статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилигини таъминлашда кадрлар салоҳияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги қарори билан қўмитанинг Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистик тадқиқотлар маркази Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтига айлантирилиши мазкур масалаларнинг ижобий ечимида айни муддао бўлди.
– Ҳозирги кунда мамлакатимизда инфляция даражасини ҳаққоний, ишончли ва очиқ ҳисоб-китоб қилиб бориш тўлиқ йўлга қўйилмоқда, – деди Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Бу борадаги ҳисоб-китоб ишларини янада такомиллаштириш ҳамда инсон омили аралашувини камайтириш мақсадида статистик танланма кузатувларни электрон планшетлар орқали ўтказиш жорий этилди. Натижада ҳудудларда нарх-навони кузатиш онлайн режимида амалга оширилиб, маълумотлар тўғридан-тўғри қўмитанинг марказий серверига келиб тушади. Шунингдек, ўтган давр ичида фойдаланувчиларнинг маълумотга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 8 та халқаро ташкилот ва 11 та мамлакат статистика идораси маълумотлар базалари таркиби ва уларнинг бу борадаги тажрибалари яқиндан ўрганиб чиқилди. Миллий ва хорижий фойдаланувчилар ўртасида интернет орқали доимий тарзда сўровлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда биринчи марта шу йилнинг декабрь ойида “Open Data Week Uzbekistan – 2019” очиқ маълумотлар ҳафталиги ҳамда “Open Data Day – 2019” очиқ маълумотлар куни ўтказилди. Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида “Open data Inception” рейтингининг маълумотига кўра, Ўзбекистон 52 та очиқ маълумотлар манбаси билан очиқ маълумотлар манбалари сони мавжудлиги рейтингида жаҳон мамлакатлари ичида биринчи ўнталикдан ўрин эгаллади.
Қўмита томонидан МДҲ Статистика қўмитаси, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, ЮНФПА, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Халкаро валюта жамғармаси билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шунингдек, 12 та ҳалқаро молиявий-иқтисодий ташкилот билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилиб, уларнинг махсус 28 турдаги саволномалари асосида статистик маълумотларнинг ўз муддатида етказилиши таъминланмоқда.