Стармерга қарши сиёсий зарба…
Буюк Британиядаги маҳаллий сайловнинг дастлабки натижалари мамлакат сиёсий саҳнасида жиддий ўзгариш бошланганини кўрсатмоқда. Бош вазир Кир Стармер раҳбарлигидаги Лейбористлар партияси жиддий зарбага учраётган бир пайт, ўта ўнг қанот “Reform UK” кутилмаган муваффақиятга эришмоқда.
Найжел Фараж бошқараётган “Reform UK” Англия шимолидаги кўп йил давомида Лейбористларнинг асосий таянчи бўлиб келган ишчилар ҳудудида юзлаб маҳаллий кенгаш ўринларини қўлга киритди. Фараж ҳозирги ҳолатни “Британия сиёсатидаги тарихий бурилиш” деб атади.
Сайлов натижаси Стармер учун жиддий сиёсий синов сифатида баҳоланмоқда. Иқтисодий қийинчилик ва ижтимоий ислоҳот атрофидаги баҳс, бир неча сиёсий хато ортидан унинг рейтинги кескин пасайган. Партия ичида Стармерни лавозимидан четлатиш чақириғи кучаймоқда.
Сиёсий таҳлилчилар фикрича, Британияда икки партияли анъанавий тизим парчаланиш босқичига кирган. Лейбористлар ва консерваторлар таъсири сусайиб, ўта ўнг, либерал ва “яшил” кучлар тобора кўпроқ овоз тўпламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА