Стационар хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига раҳбар тайинлаш шартлари белгиланди
Президентнинг “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2027 йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги стационар хизмат кўрсатувчи республика ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларига раҳбарлар қуйидаги шартлар асосида лавозимга тайинланади:
меҳнат шартномаси 5 йилгача бўлган муддатга тузилади;
лавозимга тайинлангандан сўнг:
олти ой муддатда тиббиёт муассасасини ривожлантириш дастурини (бизнес-режа) ишлаб чиқади ва Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳимоя қилади;
бир йил муддатда тиббиёт менежменти ва молиявий бошқарув бўйича малака ошириши талаб этилади;
тиббий амалиёт билан шуғулланишига йўл қўйилмайди (алоҳида ҳолларда соғлиқни сақлаш вазири томонидан илмий-амалий мақсадлар учун тиббий фаолият билан шуғулланишга рухсат берилиши мумкин);
фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) (тиббий хизмат сифати, молиявий интизом, бошқарув самарадорлиги, рақамлаштириш, кадрлар сиёсати ва бошқа кўрсаткичлар) асосида баҳоланади ҳамда белгиланган кўрсаткичларга эришилмаган тақдирда меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинади.
2027 йил 1 январдан бошлаб:
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган барча тиббиёт муассасаларининг штат меъёрлари ажратилган маблағлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мустақил равишда белгиланади ва улар учун тасдиқланган штат меъёрлари тавсиявий ҳисобланади;
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган барча тиббиёт муассасалари учун ажратилган маблағларнинг йил якуни бўйича қолдиғи олиб қўйилмайди ҳамда кейинги молия йили учун муассасанинг бизнес-режасини тузишда инобатга олинади.
ЎзА