Спортни маҳаллага яқинлаштириш вазифаси қўйилди
Сирдарёлик спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида вилоят вакиллари 340 та медалга сазовор бўлди. Айни пайтда аҳолининг 41,6 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқда. Энди асосий эътиборни эришилаётган натижаларни оммавий спортдаги қамров билан уйғунлаштириш, спортни ҳар бир маҳаллага ва ёшларнинг кундалик ҳаётига янада яқинлаштиришга қаратиш зарур.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда сўз борди. Унда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш, мавжуд спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш ва маҳаллаларда ёшлар учун қулай машғулот шароитларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, вилоятда аҳолининг спорт билан қамров даражаси ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Хусусан, Оқолтин, Ховос, Боёвут ва Сайхунобод туманларида бу кўрсаткич 32–35 фоиз атрофида.

Сўнгги икки йилда вилоятда спорт соҳасини ривожлантиришга 331 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан янги спорт иншоотлари барпо этилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланмоқда. Бироқ яратилган инфратузилманинг ўзи аҳолини спортга кенг жалб қилиш учун етарли эмас. Муҳими, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, машғулотларни тўғри ташкил этиш, мураббийлар фаолиятини кучайтириш ҳамда спорт тўгаракларини аҳоли учун қулай вақт ва жойларда йўлга қўйишдир. Масалан, Оқолтин туманида ҳар 10 минг аҳолига тўғри келадиган спорт иншоотлари сони Гулистон туманига нисбатан кўпроқ. Аммо аҳолини спортга жалб қилиш кўрсаткичи қарийб 11 фоизга паст. Бу ҳолат спорт объектлари сони билан бир қаторда, улардан қай даражада самарали фойдаланилаётгани ва машғулотлар сифатига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.

Айрим маҳаллаларда спорт иншоотларининг умуман мавжуд эмаслиги ҳам долзарб масалалардан бири сифатида қайд этилди. Шунингдек, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида белгиланган айрим мусобақаларнинг ўтказилмагани жойларда спорт тадбирларини ташкил этиш ва назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Йиғилишда туман ва шаҳар масъулларига ҳар бир маҳалладаги спорт шароитини бирма-бир ўрганиш, ёшларга яқин ҳудудларда кичик спорт майдончаларини ташкил этиш, мавжуд иншоотлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, аҳолини спортга жалб қилиш кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилиш, мураббийлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва машғулотлар сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири