Спортга эътибор: юксак марралар сари дадил қадамлар
Спорт — нафақат жисмоний камолот, балки мамлакат ва ҳудуднинг халқаро майдондаги нуфузини намоён этувчи муҳим соҳалардан бири. Унда эришилган ҳар бир ғалаба ортида спортчининг матонати, мураббийнинг машаққатли меҳнати, яратилган шарт-шароит ва изчил тизим мужассам.
Сўнгги йилларда Тошкент вилоятида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни кашф қилиш ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудуддаги спорт мактаблари ва мураббийлари меҳнати самарасини халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган спортчилар мисолида яққол кўриш мумкин. Улар орасида Олимпия ўйинлари чемпиони, оғир атлетика бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Акбар Жўраев, бокс бўйича жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев, юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпиони Айтжан Халмаханов, Чирчиқ шаҳрида туғилган таэквондочи Светлана Осипова каби номдор спортчилар бор. Шунингдек, каноэда эшкак эшиш бўйича халқаро мусобақалар ғолиби ва совриндори Артур Гулиев, байдаркада эшкак эшиш устаси Шаҳриёр Маҳкамов ҳам вилоят спортининг халқаро майдондаги салоҳиятини намоён этиб келмоқда.

Айниқса, 2025 йилда Айтжан Халмахановнинг жаҳон чемпионатидаги ғалабаси алоҳида эътиборга молик. Ушбу натижа Ўзбекистон юнон-рум кураши тарихида 24 йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионлиги қўлга киритилган муҳим воқеа бўлди. Вилоят спортчиларининг халқаро мусобақалардаги муваффақиятлари 2026 йилда Япониянинг Айчи–Нагоя шаҳрида ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинларида ҳам давом этди. Мазкур мусобақада Тошкент вилояти вакиллари жами 14 та медаль — 4 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритди.
Бу натижалар вилоятда шаклланган спорт мактаблари, мураббийлар тажрибаси ва спортчиларнинг салоҳияти халқаро миқёсда ўз самарасини бераётганидан далолатдир. Энг муҳими, бу ғалабалар ёш авлод учун катта ибрат ва янги марралар сари интилишга рағбат бўлмоқда.

Спорт соҳасида барқарор натижаларга эришишда халқаро тажриба, замонавий тайёргарлик усуллари ва хорижий спорт ташкилотлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Бу борада, Тошкент вилоятида халқаро алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва спортчилар ҳамда мураббийлар ўртасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Покистон Ислом Республикасининг нуфузли “Aitchison College” таълим муассасаси ёш спортчилари делегациясининг вилоятга ташрифи ҳамкорликнинг амалий кўринишларидан бири бўлди. Ташриф доирасида меҳмонлар Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолияти билан танишди. Ўзбекистон ва Покистон ёшлари ўртасида баскетбол, енгил атлетика ва футбол бўйича дўстлик мусобақалари ташкил этилди.
Учрашувларда спортчилар ва мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда мусобақалар ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Россия Федерацияси билан алоқалар доирасида ҳам янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, Бошқирдистон Республикаси билан кураш, белбоғли кураш ва дзюдо бўйича қўшма мусобақалар ташкил этиш, спортчилар учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш масалалари келишиб олинган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясининг Самара шаҳрида ўтказилган XIII халқаро спорт форумидаги иштироки ҳам соҳадаги халқаро алоқаларни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этди. Албатта, бундай ҳамкорликлардан кўзланган асосий мақсад фақат алоқаларни йўлга қўйиш эмас, балки уларни аниқ амалий натижалар билан бойитиш, спортчиларнинг тайёргарлик сифатини ошириш ва вилоят спортига замонавий ёндашувларни татбиқ этишдан иборат.
Спортчининг маҳорати ва интилиши қанчалик юқори бўлмасин, муносиб машғулот шароити ҳамда замонавий инфратузилмасиз катта натижаларга эришиш мушкул. Шу боис вилоятда спорт объектларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва маҳаллаларда оммавий спорт учун қулай муҳит яратишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида жами 230 та спорт иншооти мавжуд. 2022–2025 йилларда эса 178 та янги спорт майдончаси барпо этилди. Жумладан, 71 та универсал, 91 та стритбол-воркаут ва 16 та воркаут майдончаси фойдаланишга топширилди. Шу даврда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари доирасида 22 та спорт объектини ривожлантириш учун 25,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

2026 йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, маҳаллий бюджет, Олимпия қўмитаси ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 9 та спорт объектида қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун қарийб 62,9 миллиард сўм маблағ назарда тутилган. Инвестиция дастури доирасида эса Оҳангарон туманида Олимпия тайёрлаш марказини қуриш ва Бекобод туманида эшкак эшиш спорт базасини реконструкция қилиш учун 108,55 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2026 йилги “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида 4 та спорт объектига оид лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 6,523 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган. Умуман, 2022–2026 йилларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш учун қарийб 203,8 миллиард сўм маблағ назарда тутилган. Бу рақамлар ортида маҳаллаларда янги спорт майдончалари, замонавий машғулот масканлари ва ёшлар учун кенгроқ имкониятлар яратишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Спорт соҳасининг истиқболи, энг аввало, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқиши, иқтидорли болаларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан белгиланади. Айни пайтда вилоятда 33 та спорт таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда ёшларни спортга жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва профессионал спортга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Президент олимпиадаси”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Мактаблар лигаси”, “Маҳалла лигаси” каби оммавий спорт лойиҳалари эса минглаб ёшларни мусобақаларга жалб этиш, уларнинг спортга қизиқишини ошириш ва иқтидорини намоён этиши учун майдон яратмоқда. Шу маънода, 2025 йил якунида вилоятдаги 883 та маҳаллага мўлжалланган спорт анжомлари карвонининг йўлга қўйилиши ҳам эътиборга молик ташаббуслардан бири бўлди. Қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган спорт жиҳозлари маҳаллалардаги мавжуд имкониятларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Аслида ҳар бир чемпионнинг муваффақияти замирида йиллар давомидаги машаққатли тайёргарлик, мураббийнинг билим ва тажрибаси, спорт мактабларида шаклланган интизом ва қатъият ётади. Шу боис спорт соҳасини ривожлантиришда мураббийлар салоҳиятини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши учун зарур шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Спортчилар ва уларнинг устозларини муносиб рағбатлантириш, спорт фахрийларининг бой тажрибасини ёш авлодга етказиш ҳам мазкур тизимнинг узвий қисми ҳисобланади. Зеро, бугунги ёш спортчининг эртанги чемпионга айланишида нафақат унинг истеъдоди, балки уни тўғри йўналтира оладиган мураббий ва уни қўллаб-қувватлайдиган тизимнинг ўрни беқиёс.
А.Мусаев,ЎзА