Спортчи ёшлар билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ёшлар куни доирасида бир қатор спортчилар билан учрашди. Учрашувда Жўқорғи Кенгеси раиси дастлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга шароит яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида янги спорт иншоотлари барпо этилиб, бундай ишлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Бўлажак Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш, ёшлар орасидан юртимиз шаънини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни етиштириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида бундай шароитлар спортчиларимизни янгидан-янги ютуқларга руҳлантирмоқда.

Учрашувда қўлга киритилаётган ютуқлар эмас, балки спортчилар ҳаётида учраётган муаммолар қайд этилиб, уларни бартараф этишга кўпроқ эътибор қаратилди. Шу мақсадда спортчи ёшлар, уларнинг яқинлари ва мураббийлари билан яқиндан суҳбатлашилиб, фикр ва таклифлари тингланди. Кўтарилган ҳар бир масала назоратга олиниб, уларни ижобий ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.