Спорт: Ярим йиллик фаолият сарҳисоб қилинди
Спорт вазирлигида ўтказилган Ҳайъат йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярмида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда сарҳисоб қилиниб, масъуллар фаолиятига аниқ мезонлар асосида баҳо берилди.
Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий Паралимпия қўмитаси бош котиби Фаррух Аҳмедов, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда спорт ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий студиялардан спорт мактаблари масъул ходимлари, тренер селекционерлар иштирок этган йиғилишда мамлакатимиз спортчиларини Японияда ўтадиган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинлари, декабрдаги ёшлар Олимпия ўйинлари, Ар Риёд мезбонлик қиладиган ёпиқ иншоотлар ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинлари каби мусобақалар кутиб тургани таъкидланди.
Шунингдек, мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, сузиш, кураш, бокс, дзюдо, оғир атлетика каби бир қатор спорт турларидаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари янги Ўзбекистон спортининг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар жараёнида ушбу йирик спорт тадбирларига тайёргарлик билан бир қаторда, ҳудудларда ижро интизоми, оммавий спортни ривожлантириш, селекция тизимини такомиллаштириш, спорт мактаблари фаолиятида самарадорликка эришиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида маҳаллалар кесимида спорт мусобақаларини ташкил этиш талаб даражасида эмаслиги, стол тенниси, волейбол, кураш ва енгил атлетика бўйича қатор маҳаллаларда мусобақалар ўтказилмагани танқид қилинди.
Бу борадаги сусткашликларни бартараф этиш, маҳаллаларда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ҳамда ёшлар қамровини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Маҳаллалардан 16-30 ёшдаги 5 миллион 500 минг ёшлар “Беш ташаббус олимпиадаси”да иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, уларнинг 89 фоизи ёки 4,9 миллион нафари иштирок этгани ижобий ҳолат бўлса-да, Оҳангарон, Олмалиқ, Қибрай, Паркент, Бўка, Тойлоқ, Ургут, Самарқанд, Каттақўрғон, Шеробод, Олмазор, Давлатобод, Учкўприк, Қизилтепа, Шаҳрихон, ва Гулистон каби 20 та ҳудудда қамров 80 фоизга ҳам етмагани таассуфли ҳолдир.
Янги Ўзбекистон спорт ҳаётига янгича руҳиятни олиб кирган “Президент олимпиадаси” мусобақалари тизими бу йилдан янада кенгайтирилиб, спорт турлари сони 21 тага етказилгани, илк бор паралимпия йўналиши алоҳида дастур сифатида жорий этилиши истеъдодлилар сафини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Биргина “Президент олимпиадаси”нинг илк босқичи “Ҳоким олимпиадаси”да 324 минг нафар ёш қамраб олиниб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан уч баробарга ошгани қувонарли, албатта.

Бироқ, айрим ҳудудларда устувор спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмаган, айрим туман ва шаҳарларда иштирокчилар сони паст ҳамда хусусий спорт клубларини жалб этиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Ҳайъат йиғилишида спорт тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улушини кўпайтириш бўйича ҳам устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокамалар якунида белгиланган масалалар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА