Спорт соҳасидаги қонунчилик ижроси парламент назоратида
Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлод вакилларини спортга жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг спорт билан шуғулланиш ҳуқуқларини кафолатлаш, оммавий спортни ривожлантириш, спортчилар ва мураббийларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун ижросини самарали таъминлаш, аҳоли ва ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли учун қулай спорт инфратузилмасини яратиш, спорт иншоотларини жиҳозлаш, болалар ва ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг маҳоратини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар изчил йўлга қўйилган.

Соҳадаги саъй-ҳаракатлар самараси халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган натижаларда ҳам намоён бўлаётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз қайд этган натижалар, шунингдек, миллий футбол терма жамоамизнинг илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиши юртимизда спортни ривожлантириш борасидаги ишлар самараси эканлиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида депутатлар соҳада ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратиб, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар. Ҳудудларда қонунчилик талабларининг самарали бажарилишини таъминлаш, давлат дастурлари доирасида ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш натижадорлигини ўрганиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
М.Комилова, ЎзА