Спорт курашлари: АҚШда ўтадиган Жаҳон чемпионатида кимлар ватанимиз шарафини ҳимоя қилади?
Жорий йилнинг 12-18 октябрь кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида спорт курашлари бўйича U-23 ёш тоифасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар рўйхати тасдиқланди.
Куни кеча терма жамоаларнинг мураббийлар штаби АҚШ спорт гиламларида баҳс олиб борадиган курашчилар таркибини эълон қилди.
Унга кўра, дунё биринчилигининг эркин кураш мусобақаларида Беҳрузбек Туранмурадов, Санжарбек Рустамбеков, Шаҳзодбек Ярашев, Фазлиддин Насритдинов, Асадбек Файзуллаев, Шерзод Поёнов, юнон-рум курашида Отабек Турсунов, Меҳрож Баҳромов, Озодбек Ҳалимбоев, Ойбек Шарибжонов, Шаҳзод Қўчқоров, Абдулло Алиев, Азимжон Соатуллаев, Раҳимжон Узоқов, Амирхон Бердиқулов, Жавоҳир Шодиёров, аёллар кураши мусобақаларида Дилшода Матназарова, Улмекен Эсенбаева, Лайлохон Собирова, Фируза Эсенбаева баҳс олиб бориши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг энг кучли 600 нафардан зиёд спорт кураши вакиллари қатнашадиган жаҳон чемпионати беллашувларининг юнон-кураш кураши мусобақалари 12–14 октябрь, аёллар кураши баҳслари 14–16 октябрь ҳамда эркин кураш беллашувлари 16–18 октябрь кунлари ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА