Спорт академиясига қабул жараёнларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган Спорт вазирлиги биносида Ўзбекистон давлат спорт академиясига 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнларини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда академияга тавсия этилган 14 та Олимпия ва 6 та Паралимпия спорт тури бўйича номзодларнинг натижалари кўриб чиқилди.
Спорт федерациялари ва ассоциациялари томонидан тавсия этилган номзодлар Республика комиссияси аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, уларни Давлат комиссиясига тавсия этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда Спорт вазирлиги, Ўзбекистон давлат спорт академияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва ассоциациялари вакиллари, Олий спорт маҳорати мактаблари раҳбарлари ҳамда республика миллий терма жамоаларининг мураббийлари иштирок этиб, номзодларнинг натижалари, тайёргарлик даражаси ва истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Таъкидланганидек, бу иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ҳамда терма жамоалар захирасини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим босқич саналади.
Т. Рўзиев, ЎзА