SPA: Саудия ва Сингапур тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилади
Саудия Арабистони Озиқ-овқат ва фармацевтика бошқармаси (SFDA) раҳбари доктор Ҳишом Ал-Жадҳий Сингапурга ташрифи доирасида ушбу мамлакат Соғлиқни сақлаш фанлари бошқармаси (HSA) бош ижроия директори доктор Реймонд Чуа билан учрашди.
Икки томонлама музокарада дори-дармон ва тиббий буюмларни тартибга солиш, соҳада сунъий интеллект имкониятидан фойдаланиш ва тегишли тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, назорат самарадорлигини ошириш ҳамда тегишли қонунчилик, техник талаб ва лаборатория синови бўйича маълумот алмашишни кўзда тутади. Шунингдек, клиник тадқиқот, таъминот занжири назорати, маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш ва бозор хавфсизлигидан огоҳлантиришни тезкор узатиш йўналишлари ҳам қамраб олинган.
Саудия ва Сингапур идоралари биология технологияси ҳамда СИга асосланган инновацион тиббий маҳсулотни назорат қилиш соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА