Сўзга айланган умр
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Сўзга айланган умр” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Айтиш керакки, устоз адиб Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари халқчил, содда ва самимий тили, реалликни акс эттириши билан адабиёт мухлислари эътиборига тушган.
Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1973 йилда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.
Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» номи билан 1989 йилда чоп этилган. Шундан кейин ёзувчининг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй» каби асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган.
«Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
Акутагава Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т.Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.
Кўргазмада устоз адибнинг асарлари билан батафсил танишиш имконияти яратилган.
Н.Усмонова,
ЎзА