Сўхда ҳарбий шаҳарча бунёд этилди
Фарғона вилоятининг Сўх туманида ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларга “Сариканда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган ҳарбийлар шаҳарчасидаги хизмат уйлари тантанали тарзда топширилди.
Ватан посбонларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қулай турмуш шароитларини яратиб бериш давлатимизнинг доимий эътиборида турибди. Замонавий уй-жойлар, ҳарбий шаҳарчалар барпо этилгани ҳамда реконструкция қилингани, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган инфратузилма яратилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Ҳарбийлар шаҳарчасининг очилиш маросимида мамлакатимизда миллий армиямизнинг қудратини янада оширишга берилаётган эътибор ва ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш хусусида сўз юритилди.

Мазкур ҳарбийлар шаҳарчасида барча шароитлар яратилган, болалар учун замонавий ўйин майдончаси ҳам қурилган.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан келиб, айни дамда бу ерда хизмат вазифасини ўтаётган майор Акобир Бобоев ва турмуш ўртоғининг хурсандчилиги чексиз.
– Бир неча сафдошларим қатори менга ҳам ушбу уйлардан бирининг берилиши оиламиз учун катта совға бўлди, – дейди у. – Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликларни, албатта, Ватанимиз олдидаги ўз хизматимиз билан оқлашга ваъда берамиз.
М.Сулаймонов, ЎзА