Сўнгги йилларда Фанлар академиясида "янги давр" бошланди (+видео)
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари томонидан математика, физика, энергетика, материалшунослик, биология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида муҳим фундаментал ва амалий натижаларга эришилмоқда.
Мустақиллик даврида, айниқса, кейинги йилларда академия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, унинг таркибида янги илмий ташкилотлар очилиб, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.
Етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш доимо давлат эътиборида бўлиб келмоқда. Соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2-мартадан зиёд оширилгани, илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани буни тасдиқлайди.
Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчилар учун имтиёзли асосда хонадонлар ажратилди, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминланди.
Академиянинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлиги кучайиб, улар билан биргаликда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар кўлами икки-уч баробар кенгайди.
Стажёр-тадқиқотчилик институти қайта тикланиб, истеъдодли ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш сифати яхшиланди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган 30 мингдан ортиқ тадқиқотчиларнинг ярмидан ортиғини айнан ёшлар ташкил этаётгани соҳанинг келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.
Бугунги лавҳамизда Фанлар академияси Биоорганик кимё институти раҳбари, кимё фанлари доктори, академик Аббос Тўраев сўнгги йилларда Академияда амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий натижалар ва илм учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Муҳайё Турдалиева, Ойбек Давронов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА