Солиқ тўловчиларга қатор енгилликлар берилди
Жорий йилда солиқ тўловчиларга қатор енгилликлар берилди. Хусусан, фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловлари тўлаши лозим бўлган тадбиркорлар даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўм (аввал 5 миллиард сўм) этиб белгиланди. Бундан ташқари, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилди. Соддароқ айтадиган бўлсак, аввал солиқ ҳуқуқбузарлиги учун 5 йил ичида жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, эндиликда ушбу муддат 3 йилга қисқартирилди.
Фарғона вилояти солиқ бошқармасида ташкил этилган семинарда 2024 йил 1 январдан бошлаб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун тенг рақобат шароитларини яратиш мақсадида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йил 28 декабрь куни "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди ва Солиқ кодексига қатор ўзгартиришлар киритилди.
Семинар давомида мазкур қонун билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга батафсил тўхталиб ўтилди ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти тадбиркорлик субъектларига тушунтирилди.
Хусусан, жорий йилда давлат бюджети тушумларининг асосий қисмини ташкил этадиган ҚҚС (12%), фойда солиғи (15%), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12%), шунингдек, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (1,5%), айланмадан олинадиган солиқ (4%) ва ижтимоий солиқ (12%, бюджет ташкилотлари учун 25%) ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди.
–Шу билан бирга, айланмадан олинадиган солиқни 20 миллион сўм ва 30 миллион сўмлик қатъий белгиланган ставкалари товар айланмадан келиб чиқиб, йилига 25 миллион сўм ва 34 миллион сўм сифатида мос равишда ўзгартирилди, –дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Назиржон Полвонов.–Шунингдек, барча солиқ тўловчиларга тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида ҚҚС бўйича қонунчиликка қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 237-моддасида кўрсатиб қўйилган ҚҚС тўловчилар сафи кенгайди, яъни Ўзбекистон Республикасида товарларни реализация қилувчи чет давлат қонунчилигига мувофиқ тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар ҳам ҚҚС тўловчи ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, 2024 йил 1 апрелдан дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария буюмлари ҳамда уларни ишлаб чиқариш учун четдан олиб келинган хомашё, тиббий ва ветеринария хизматларига белгиланган имтиёзлари бекор қилинди.
Бундан ташқари, аҳоли учун ичимлик сув таъминоти, шунингдек канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҳам ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бекор қилинди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра, 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига ушбу даромадлар солиқ даврида 100 миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солиниши белгиланди. Яъни ўзини ўзи банд қилган шахслар даромади 100 миллион сўмдан ошган ва 1 миллиард сўмга етмаган тақдирда айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтишлари зарур ёки ихтиёрий равишда умумбелгиланган тартибда (ҚҚС ва фойда солиғи) солиқ тўлашлари мумкин.
Солиқ кодексининг 378-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида ўзининг, шунингдек, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг, эрининг (хотинининг) таълим олиши учун йўналтирилган тўлов даромад солиғидан озод этилган эди. Яъни фарзандлар ва эрининг (хотинининг) таълимига йўналтирилган контракт суммаси бўйича имтиёз олиш учун ёш чегараси (26 ёш) мавжуд эди. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб, ота-оналарнинг ўз фарзандлари профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиши учун тўловга йўналтириладиган даромадлари солиқ солишдан озод қилинишини белгиланди, айтиш мумкинки, фарзандларга нисбатан ёш чегараси олиб ташланди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан батафсил жавоб олди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири