“Soliq Mobile” иловаси орқали 35,1 млрд. сўм маблағлар “Keshbek” сифатида талон-торож қилинган
Андижон вилоятида “Soliq Mobile” иловаси орқали давлат бюджетидан 35,1 миллиард сўм маблағни ноқонуний ўзлаштириш ҳолати аниқланди.
Терговга қадар ўтказилган текширувларда 6 нафар фуқаро ва бошқа шахслар ўзаро тил бириктириб, бир нечта масъулияти чекланган жамиятларни (МЧЖ) ташкил этгани аниқланган.
Улар корхоналар ўртасида амалда ҳеч қандай молиявий операциялар бўлмаганига қарамай, компьютер техникалари ёрдамида 2026 йилнинг март–апрель ойларида жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.
Шунингдек, гумонланувчилар савдодан тушган маблағларни онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилинган кўринишда акс эттириб, маҳсулотлар гўёки фуқароларга сотилгани ҳақида харид чекларининг сунъий равишда шакллантирилишини таъминлаган.
Шунингдек, гумонланувчилар савдодан тушган маблағларни онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилинган кўринишда акс эттириб, маҳсулотлар гўёки фуқароларга сотилгани ҳақида харид чекларининг сунъий равишда шакллантирилишини таъминлаган.
Натижада 100 минг 458 нафар фуқаро номидан “Soliq Mobile” иловаси орқали кешбек маблағлари ҳисобланган ва давлат бюджетидан жами 35,1 миллиард сўм ноқонуний равишда ўзлаштирилган.
Текширув давомида Андижон вилояти солиқ бошқармасининг айрим масъул ходимлари ҳам хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани аниқланган.
Хусусан, шубҳали операциялар ва катта ҳажмдаги ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилганига қарамай, корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли ахборотларни тақдим этиш чоралари кўрилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатларини олиб бориш учун иш прокуратура органларига юборилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА