Соҳибқироннинг ибрат мактаби
Бухоро туманидаги Зарманақ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Н” ҳарбий қисмда буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Соҳибқирон ҳарбий санъати – ибрат мактаби” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, офицерлар ва сержантлар фаол иштирок этиб, Соҳибқироннинг бой ҳарбий мероси, унинг ноёб стратегик тафаккури ҳамда давлатчилик борасидаги қарашлари ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлди.

Айниқса, Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, қўшинларни бошқаришдаги ўзига хос услуби, жанг майдонида интизом ва тартибни устувор қўйгани, мураккаб вазиятларда тез ва тўғри қарор қабул қила олиш қобилияти тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Унинг кам сонли қўшин билан йирик кучларга қарши муваффақиятли жанглар олиб боргани ёш ҳарбийлар учун ҳақиқий ибрат мактаби экани таъкидланди. Тадбир давомида саҳна кўринишлари намойиш этилиб, савол-жавоблар орқали мавзу янада чуқурроқ очиб берилди.

Ушбу маънавий-маърифий тадбир ёш аскарларда миллий тарихимизга ҳурмат, буюк аждодларимиз меросига садоқат ҳамда Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.


Амир Темур меросини чуқур ўрганиш, унинг ҳарбий ва ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш бугунги ҳарбий хизматчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Зеро, буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос Ватан ҳимоясида мустаҳкам таянч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.