Соҳа ривожининг долзарб масалалари кўриб чиқилди
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоятнинг маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида фаолият юритаётган бир гуруҳ ижодкорлар, соҳа мутахассислари ҳамда раҳбар ходимлар билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг ҳудудлардаги ижроси ҳамда келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувида илгари сурилган ташаббуслар инсон капитали ривожи, миллий ўзликни англаш, ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамият маънавиятини юксалтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, миллий маданий меросни асраш ва тарғиб қилишга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий асос эканлиги қайд этилди.
Учрашувда мазкур вазифаларнинг Бухоро вилоятидаги ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Қадимий маданият ва маърифат маркази бўлган Бухоронинг бой адабий ва маданий анъаналарини янада ривожлантириш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ёш авлодга мерос сифатида қолдириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида маданият ва санъатнинг 21 та ижодий йўналиши бўйича амалга ошириладиган ишлар таҳлил қилинди. Вилоят даражасида бириктирилган ҳамкор ташкилотлар, кўмаклашувчи муассасалар ва соҳага масъул раҳбарларнинг шаҳар ва туманлардаги фаолияти, ҳокимликлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш механизмлари кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳар бир ижодий йўналиш бўйича ривожланиш концепцияларини шакллантириш, ҳудудлардаги ижодий жараёнларга методик раҳбарлик қилиш, иқтидорли ёшлар ва истеъдодли ижодкорларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шу билан бирга, маҳаллалар ва таълим муассасаларида тўгараклар ташкил этиш, маҳорат дарсларини ўтказиш, ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, фестиваллар, кўрик-танловлар ва кўргазмаларнинг мазмунли сценарийларини ишлаб чиқиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Тадбирда ҳудудларда ижодий муҳитни янада яхшилаш, маданият муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг маданий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ҳамда миллий санъат намуналарини кенг тарғиб қилиш бўйича қатор амалий таклифлар билдирилди.
Энг муҳими, учрашув давомида соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Бу эса маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда давлат органлари ва ижод аҳли ўртасидаги самарали мулоқотнинг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири