Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар жадаллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ:
а) соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлиги оширилади ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллаштирилади;
б) тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги таъминланади, ресурслардан самарали фойдаланиш, молиявий барқарорликни кучайтириш ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари яхшиланади;
в) соғлиқни сақлаш тизимини стратегик режалаштириш, кўп тармоқли тиббий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва ягона бошқарув механизмларини жорий этиш орқали аҳоли учун сифатли ва оммабоп тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилади.
Фармон билан:
а) Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари;
б) Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари;
в) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирига тиббиёт соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қуйидаги қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар берилади:
а) соҳадаги устувор дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни самарали ташкил этиш мақсадида вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа офисларини ташкил этиш, уларнинг вазифалари ва тузилмасини белгилаш;
б) соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш;
в) маҳаллий ва хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида жалб қилиш, шунингдек, консалтинг, экспертлик, таҳлилий ҳамда тиббиёт менежменти ва молиявий бошқарув бўйича малака ошириш хизматларини "таклиф сўрови" харид қилиш тартиб-таомили асосида харид қилиш ҳамда уларга бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан, маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали ҳақ тўлаш;
г) соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, ахборот тизимларини жорий этиш ва ягона рақамли экотизимни шакллантириш бўйича талаблар, стандартлар ва техник регламентларни белгилаш;
д) вазирликка юклатилган вазифаларни амалга оширишда айрим функциялар ва хизматларни, шу жумладан, ходимларнинг лавозим йўриқномасида белгиланган вазифаларни шартнома асосида ва аутсорсинг хизматидан фойдаланиб амалга ошириш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:
а) соғлиқни сақлаш соҳасида давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда стратегик қарорлар қабул қилиш учун таҳлилий маълумотлар тайёрлаш мақсадида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази;
б) тиббий хизматлар сифати, беморлар хавфсизлиги, клиник протокол ва стандартларга риоя этилишини баҳолаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда клиник назорат тизимини жорий этиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
в) соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар ва давлат сиёсатини жамоатчилинна холис ва тезкор етказиш, шунингдек, жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини тизимли равишда йиғиш ҳамда таҳлил қилиш ва ахборот сиёсатини самарали ташкил қилиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида Контент медиа маркази.
ЎзА