“Сўғдиёна” стадиони замонавий қиёфа касб этмоқда
Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” стадионини замонавий талаблар асосида қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Мазкур йирик лойиҳа ҳудудда спортни ривожлантириш, мухлислар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратишга хизмат қилади.
Жараёнларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жўраев, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси давлат муассасаси директори Достонбек Қоплонов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан объектда олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ўрганишлар давомида. айниқса. томошабинлар ўриндиқлари устки қисмини ёпиш ва иншоотни мукаммал таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида “Йигирманчи трест ўн олтинчи вакиллик” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бу эса барча ишлар белгиланган меъёр ва стандартларга мувофиқ ташкил этилаётганидан далолат беради.

Ҳозирги кунда ер ишлари тўлиқ якунланиб, металл устунлар ўрнатиб бўлинган. Айни пайтда том конструкциялари учун асосий элементларни жойлаш ва қоплама ўрнатиш изчил давом эттирилмоқда. Қурилиш майдонида зарур материаллар захираси яратилган бўлиб, барча жараёнлар техник талаблар асосида мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ўрганиш давомида масъуллар томонидан қурилиш сифати ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, ишларнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда суръатни янада ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шу билан бирга, объектни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш масаласи устувор вазифа сифатида назоратга олинди.

Таъкидлаш жоизки, “Сўғдиёна” стадионининг янгиланиши нафақат Жиззах шаҳри, балки бутун ҳудуд спорт ҳаётида муҳим воқеа бўлади. Замонавий талабларга жавоб берадиган стадион ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини янада ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири