Собиқ битирувчи ўзи таҳсил олган мактабда очиқ дарс ўтди
Булунғур туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ битирувчиси, Ўзбекистон Фанлар академиясининг энергетика муаммолари бўйича илмий ходими, техника фанлари доктори Абдулатиф Шавозов ўзи таҳсил олган таълим масканига ташриф буюрди.
Ташриф давомида олим мактаб устозлари ва ўқувчилари билан учрашиб, самимий суҳбат қурди. Шунингдек, таълим муассасасига сув кулери, бадиий ва илмий адабиётлар тўпламини совға қилди.

Учрашув доирасида битирувчи синф ўқувчилари учун «Энергия тежамкорлиги» мавзусида очиқ дарс ташкил этилди. Унда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигининг аҳамияти ва бу борадаги билимларнинг ҳаётдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

Дарсда фаол иштирок этган ўқувчиларга соҳага оид китоблар тақдим этилди.


Таъкидлаш жоизки, собиқ битирувчиларнинг ўзи таълим олган мактаб билан алоқаларни сақлаб қолиши, устозлар меҳнатини қадрлаши ва ёшлар камолотига ҳисса қўшиши муҳим аҳамиятга эга. Бундай учрашувлар ўқувчиларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини ошириш, уларни китобхонликка кенг жалб этиш ҳамда келажакда муносиб мутахассис бўлиб етишишига рағбат бағишлайди.
ЎзА