“Smart Safety” танлови — “Global Money Week 2026” ҳафталигининг ёрқин лойиҳаларидан бири
Самарқанд вилоятида “Global Money Week 2026” доирасида ўтказилган “Smart Safety” ижодий танлови ҳақиқий билим, креативлик, жамоавий бирдамлик, аҳиллик ва якдиллик байрамига айланди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу лойиҳа ўқувчи ёшлар орасида молиявий саводхонликни ошириш, интернет фирибгарлиги ва киберхавфсизлик бўйича тушунчаларни кенгайтиришга қаратилди.

Танловда вилоятдаги 10 та умумий ўрта таълим мактабидан 100 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Унда 5–11-синф ўқувчилари молиявий хавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва рақамли таҳдидлардан огоҳ бўлиш мавзуларини саҳна кўринишлари, креатив чиқишлар ҳамда интерактив тақдимотлар орқали ёритиб бердилар.
Тадбир давомида иштирокчилар креатив саҳна кўринишлари, молиявий саводхонлик бўйича билим синовлари, жамоавий ишлаш ва лидерлик вазифалари, шунингдек, реал ҳаётдаги молиявий хавфсизлик ҳолатлари каби босқичларда ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Қатнашчиларнинг ҳар бир чиқиши томошабинларга бугунги рақамли дунёда молиявий хавфсизлик ҳар бир инсон учун нақадар муҳим эканини етказа олди. Ўқувчилар эса бу мавзуни оддий тарғибот эмас, балки замонавий театр, юмор, креатив саҳналар ва жонли образлар орқали тақдим этиб, барчада катта таассурот қолдирдилар.
Танлов якунига кўра, 1-ўринга Каттақўрғон шаҳридаги 16-мактабнинг “Ёш иқтисодчилар” жамоаси лойиқ топилди. Иккинчи ўрин Самарқанд туманидаги 2-мактабнинг “Safe IQ” жамоасига насиб этди. Учинчи ўринни эса Жомбой туманидаги 25-мактабнинг “Finova” жамоаси қўлга киритди.

“Smart Safety” лойиҳаси нафақат танлов, балки ёшларнинг билимини, ижодий фикрлашини ва хавфсиз молиявий маданиятини шакллантирувчи муҳим платформага айланди. Бир саҳнада жам бўлган жамоалар эса келажак авлоди нақадар фаол, билимли ва замонавий фикрлайдиган ёшлар эканини яна бир бор намоён этди.
Н.Усмонова, ЎзА