Сирдарёда “Сувчилар мактаби” очилди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган 2023 йил 29 май куни Республикамизнинг 13 та ҳудудида сув хўжалиги тизимида ишлаётган ирригаторлар, фермер хўжалиги, агрокластер раҳбар ходимларини ўқитишга ихтисослашган “Сувчилар мактаби” фаолияни йўлга қуйиш бўйича топшириқ берилган эди.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Гулистон сув иншоотлари ва “Дўстлик” канали бошқармаси биносида Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ва “Агробанк” АТБ кўмагида “Сувчилар мактаби” очилди. Бунинг учун, “Агробанк” АТБ томонидан 2 миллиард сўмга яқин пул маблағи йўналтирилди.

“Сувчилар мактаби”нинг очилиш тадбирида Сув хўжалиги вазирлиги ва Сирдарё вилоят ҳокимлиги вакиллари, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, бошқарма тизимидаги ирригация ва мелиорация ташкилотлари, “Агробанк” АТБнинг Сирдарё вилоят филиали, фермер хўжаликлари, Агрокластер раҳбар ходимлари, Гулистон давлат университетининг қишлоқ хўжалигига алоқадор профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

– Бу лойиҳани амалга оширишда Туркия, Испания, Хитой давлатлари тажрибалари ўрганилди, – деди “Сувчилар мактаби” менежери Тўлқин Камолов. – Ўқув дастурлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилиб, сув ресурслари, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, янги инновацион технологиялар, уни жорий этиш, қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиш билан боғлиқ ўқув дастурлари йўлга қўйилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз фаолиятини олиб бораётган фермер хўжаликлари, агрокластер ҳамда сув хўжалиги ходимлари учун 5 кунлик ўқув курси ташкил этилади, амалий машғулотлар ўтказилади ҳамда иштирокчиларга сертификатлар борилади.

Энг муҳими, ўқув курси билан боғлиқ харажатлар “Агробанк” АТБ томонидан молиялаштирилади. Ўқув дастурлари икки босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда тингловчилар сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ малакасини оширса, иккинчи босқичда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида амалий машғулотларда иштирок этиб, ўз тажрибасини оширади.

Бу борадаги ўқув курсларини ташкил этиш учун сув хўжалиги тизимида катта тажрибага эга мутахассислар, “Агробанк” АТБнинг малакали ходимлари, лойиҳага алоқадор олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда Туркия, Испания, Хитойдан экспертлар жалб қилинади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири