Сирдарёда сохта “МИБ” ходими қўлга олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида сохта мансабдор шахс фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, “Собир” исми билан танилган фуқаро ўзини гўёки Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси сифатида таништириб, фуқаро Б.А.нинг ишончини қозонган. У бюро органларидаги танишлари орқали ижро ҳужжатлари юзасидан мавжуд 10 миллион 200 минг сўмлик қарздорликни бартараф қилиб беришни ваъда қилиб, бу хизмати эвазига 4 миллион сўм пул маблағини талаб қилган.

2026 йил 15 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирда С.Т. фуқародан сўралган маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Текширув жараёнида унинг Мажбурий ижро бюроси тизимида ҳеч қачон ишламагани, яъни ўзини сохта мансабдор сифатида кўрсатиб, фирибгарлик йўли билан пул ундиришга урингани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан С.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора талаб қилиш билан боғлиқ тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бюронинг вилоят бошқармаси хабар берди.
Ғулом Примов, ЎзА