Сирдарёда шамол эрозиясига қарши “Яшил девор” барпо этилади
Сирдарё вилоятининг қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларида шамол эрозияси ва чанг-тўзонларнинг салбий таъсирини камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 84 километр узунликда ҳимоя ўрмонзорлари ва “яшил белбоғ”лар барпо этилмоқда.
Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги "Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ, Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларининг Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда “яшил белбоғ”лар барпо этиш белгиланган. Бунинг учун дастлаб 158,7 гектар ер майдони ажратилиши ва 84 километр узунликда ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этилиши назарда тутилган.
Шунга мувофиқ, Сирдарё вилояти ҳокимининг 2026 йил 28 январдаги «Сирдарё давлат ўрмон хўжалигига “Яшил белбоғ” барпо этиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Амалга оширилган хатлов ва ўрганишлар натижасида Мирзаобод туманида 11,36 гектар, Оқолтин туманида 39,97 гектар, Ховос туманида 28,35 гектар ҳамда Сирдарё туманида 79,01 гектар, жами 158,7 гектар ер майдони танлаб олинди. Мазкур ҳудудлар умумий ҳисобда 84 километрлик чегара чизиғини қамраб олади.
Барпо этиладиган “яшил белбоғ”лар кучли шамол ва чанг-тўзонларнинг салбий таъсирини камайтириш, тупроқнинг шамол эрозиясига учрашининг олдини олиш, ерлар деградациясини чеклаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасидаги ишлар 2026–2027 йилларда баҳор ва куз мавсумларида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтда Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларидаги 79,68 гектар ер майдонида лойиҳалаш ишлари якунланган бўлиб, тегишли экспертиза хулосаси олиниши кутилмоқда.
Лойиҳанинг дастлабки амалий натижалари ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги томонидан Қозоғистон Республикаси билан чегарадош Мирзаобод тумани ҳудудида “яшил белбоғ” барпо этиш ишлари бошланди. Баҳорги мавсумда чегара ҳудудининг 3,5 километрлик қисмида 10 мингдан ортиқ кўчат экилди.

— Айни вақтда шамол эрозиясига қарши “яшил девор” барпо этиш ишлари нафақат Мирзаобод туманида, балки Сирдарё, Оқолтин ва Ховос туманларининг чегарадош ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.
Барпо этиладиган иҳота дарахтзорлари кучли шамол ва чанг-тўзонларнинг салбий таъсирини камайтириш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда муҳим табиий тўсиқ вазифасини бажаради. Энг муҳими, бугун экилаётган ҳар бир кўчат келажакда ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Шу боис лойиҳани сифатли амалга ошириш, кўчатларнинг тутувчанлигини таъминлаш ва уларни мунтазам парвариш қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди Сирдарё вилояти ўрмон хўжалиги директори вазифасини бажарувчи Қувондиқ Ҳакимов.
Мазкур ишлар келгусида ҳимоя ўрмонзорларини кенгайтириш, чегара ҳудудларида яшил майдонларни кўпайтириш ҳамда табиий омилларнинг аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ерларига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Умуман, Сирдарёда барпо этилаётган “яшил белбоғ” шунчаки дарахт экиш тадбири эмас, балки ҳудудни шамол эрозияси, чанг-тўзон ва чўлланиш жараёнларидан муҳофаза қилишга қаратилган узоқ муддатли экологик лойиҳадир. Чегарадош ҳудудларда шакллантирилаётган ушбу “яшил девор” келгусида табиий ҳимоя тўсиғи вазифасини ўтаб, ҳудуд экологик барқарорлигини мустаҳкамлашга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири