Сирдарёда 44 та йўлбўйи объекти ишга туширилади
Сирдарёда йил якунига қадар қурилиши чўзилган ва янгидан бошланаётган 44 та йўлбўйи хизмат кўрсатиш объектини ишга тушириш режалаштирилди. Бунинг натижасида қарийб 100 та янги иш ўрни яратилади.
Автомобиль йўллари бўйида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аукцион орқали тадбиркорларга берилган ер майдонларининг бир қисмида лойиҳалар амалга оширилган. Айрим объектларда эса қурилиш ишлари белгиланган муддатларда якунланмаган.

Вилоят ҳокими тадбиркорларга лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак кўрсатиш, шу билан бирга, ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
— Ер олган тадбиркор ўз ишини бошлаши, агар қийинчиликлар бўлса, унга кўмаклашишимиз керак. Лекин ерни олиб қўйиб, ҳеч қандай иш қилмасдан ўтириш ҳам тўғри эмас. Агар ер узоқ вақт фойдаланилмаса, қонунга кўра, бошқа ишбилармонга берилиши, айланмага киритилиши лозим. Ҳар бир қарич ердан халқимиз ризқ топиши, бюджетга фойда келиши шарт, — деди Эркинжон Турдимов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири