Сирдарё ва Хитой ўртасида иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда
Сўнгги йилларда Сирдарё вилояти ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб, саноат, инвестиция, рақамли иқтисодиёт, тиббиёт, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби стратегик йўналишларда амалий лойиҳалар кўлами кенгаймоқда.
Айниқса, юқори қўшимча қийматга эга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.

Яқинда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга амалга оширган ташрифи доирасида муҳим келишувларга эришилиб, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинган эди.

Мазкур жараённинг давоми сифатида Сирдарё вилояти делегацияси навбатдаги хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Ташрифдан асосий мақсад — инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва ҳудудга замонавий технологияларни жалб этишдан иборат.
Делегация таркибида Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, Мирзаобод тумани ҳокими Абдураҳим Умаров ҳамда Ширин шаҳри ҳокими Дилфуза Қамбарова бор.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Чжэцзян провинциясида жойлашган “Zhejiang Wansheng Yunhe Steel Cable Co., Ltd” корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада кабел маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари, сифат назорати жараёнлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланишича, мазкур корхона халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулотлари билан танилган йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади.
Шунингдек, делегация вакиллари “Zhejiang Wansheng Yunhe Ganglan” компаниясининг логистика марказлари ҳамда қурилиш соҳасидаги фаолияти билан ҳам танишди. У ерда инфратузилма лойиҳаларини самарали бошқариш, логистика тизимини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш ва қурилиш соҳасида қўлланилаётган илғор технологиялар ўрганилди.
Икки томонлама учрашувлар давомида Сирдарё вилоятида саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.
Мутахассислар фикрича, Сирдарё ва Хитой ўртасидаги бундай изчил ривожланаётган ҳамкорлик ҳудуд иқтисодий салоҳиятини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳамда минтақани замонавий саноат марказларидан бирига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири