Сирдарё IT соҳасида ASOCIOга аъзо бўлди
Индонезия Республикасининг Жакарта шаҳрида ўтказилаётган ASOCIO Digital & AI Summit халқаро форуми доирасида Сирдарё вилояти Осиё ва Океания минтақасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчи нуфузли ташкилотлардан бири — ASOCIO (Asian-Oceanian Computing Industry Organization)га расман аъзо бўлди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров маълум қилди.
Сирдарёнинг ASOCIOга аъзо бўлиши вилоятнинг халқаро технологик ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида илғор тажрибани ўзлаштириш, хорижий IT компаниялари ҳамда инвесторлар билан янги алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

— Ушбу аъзолик Сирдарё вилоятининг халқаро IT ҳамжамияти билан алоқаларини мустаҳкамлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тажриба алмашиш, хорижий IT компаниялари ҳамда инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятларни юзага келтиради, — деди Ойбек Анваров.
ASOCIO таркибига кириш орқали Сирдарё вилояти Осиё ва Океания минтақасида фаолият юритаётган IT компаниялари, миллий IT уюшмалари, технологик ташкилотлар, стартаплар ва инновацион экотизим вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришади. Бу, ўз навбатида, янги технологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, илғор тажрибаларни ўрганиш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ҳамда замонавий IT ечимларни амалиётга татбиқ этишга замин яратади.
Аъзолик доирасида вилоятда IT хизматлари экспортини ошириш, технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш, рақамли инфратузилмани такомиллаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга IT компанияларини ҳудудга жалб қилиш борасида ҳам янги ҳамкорлик йўналишлари пайдо бўлади.

Жакартада ўтаётган “ASOCIO Digital & AI Summit” халқаро форумида Сирдарё вилоятининг IT соҳасидаги салоҳияти ҳам кенг намойиш этилди. Вилоятда рақамли технологияларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган IT инфратузилма, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш бўйича йўлга қўйилган тизим, технологик тадбиркорлик учун яратилган шароитлар ҳамда хорижий компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари 24 та давлат вакилларига тақдим этилди.
Бугун рақамли иқтисодиёт шароитида ҳудудларнинг рақобатбардошлиги нафақат ишлаб чиқариш салоҳияти, балки инсон капитали, инновациялар, технологиялар ва ташқи ҳамкорлик даражаси билан ҳам белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Сирдарёнинг халқаро IT майдонида ўз салоҳиятини кўрсатаётгани янги технологиялар, инвестициялар ва истиқболли лойиҳаларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Жакартадаги форум доирасида Сирдарё вилояти учун яна бир муҳим келишувга эришилди. Унга кўра, 2027 йилда Ўзбекистонда илк бор ASOCIOга аъзо давлатлар иштирокида халқаро сунъий интеллект саммитини ўтказиш ва мазкур йирик тадбирга Сирдарё вилояти мезбонлик қилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу келишув вилоятнинг технологик майдондаги фаоллигини кучайтириш билан бирга, Сирдарёнинг инвестициявий ва инновацион салоҳиятини халқаро жамоатчиликка кенгроқ танитиш учун муҳим қадам бўлади. Саммит доирасида сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, инновациялар, технологик тадбиркорлик, IT инвестициялари ва рақамли трансформация каби йўналишларда тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда.
Халқаро саммитнинг Сирдарё вилоятида ўтказилиши хорижий IT компаниялари, инвесторлар, экспертлар ва технологик стартаплар вакилларини ҳудудга жалб этиш, вилоятнинг технологик салоҳиятини бевосита намойиш қилиш, янги ҳамкорлик ва инвестиция ташаббусларини илгари суриш учун самарали майдон бўлиши мумкин.

— Сирдарё вилоятининг ASOCIOга аъзо бўлиши ва 2027 йилда халқаро сунъий интеллект саммитига мезбонлик қилиши ҳудудда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, технологик ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва Сирдарёни минтақавий IT марказларидан бири сифатида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Бу орқали вилоятнинг IT салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш, илғор технологияларни жалб этиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва истиқболли шерикликларни йўлга қўйиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилади, — деди Ойбек Анваров.
Маълумот ўрнида, ASOCIO — Asian-Oceanian Computing Industry Organization Осиё ва Океания минтақасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчи миллий IT уюшмалари ва ташкилотларини бирлаштирган халқаро тузилмадир. У 24 та давлат ва иқтисодиёт вакилларини бирлаштириб, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва ахборот технологиялари йўналишларида тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай муҳит яратади.

Сирдарёнинг ушбу нуфузли ташкилот сафига қўшилиши вилоятнинг технологик салоҳиятини халқаро майдонда янада кенгроқ намоён этиш, замонавий ечимларни амалиётга жорий қилиш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва экспортбоп IT хизматларини ривожлантиришга янги суръат бағишлайди. 2027 йилда Сирдарёда ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро сунъий интеллект саммити эса хорижий экспертлар, технологик компаниялар ва инвесторларни бир майдонга жамлаб, илғор тажриба алмашинуви, янги шерикликлар ва истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун йирик халқаро платформа вазифасини ўтайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири