Сифатсиз бетон шлакоблок ишлаб чиқарувчи корхона аниқланди
Жиззах вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида қонун талабларига риоя қилмаган тадбиркорлик субъекти аниқланди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекциясининг вилоят бўлими томонидан Шароф Рашидов туманида фаолият юритаётган “E.A.” МЧЖда ўтказилган давлат назорати текшируви жараёнида қатор қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзага чиқди.
Аниқланишича, мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган бетон шлакоблоклар нафақат давлат стандартларига жавоб бермайди, балки инсон хавфсизлиги ва бинолар мустаҳкамлиги учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Текширув давомида Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида” ва “Метрология тўғрисида”ги қонунлари талабларига умуман амал қилинмагани маълум бўлди.
Хусусан, корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар белгиланган тартибда тамғаланмаган, энг муҳими, улар ҳеч қандай даврий синовлардан ўтказилмаган. Сифати кафолатланмаган ва тегишли мувофиқлик сертификатлари бўлмаган маҳсулотлар эркин сотувга чиқариб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбарига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, иш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун суд органларига юборилди. Шунингдек, инспекция томонидан стандарт талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни сотувдан қайтариб олиш юзасидан қатъий кўрсатма берилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА