Сифатсиз арматуралар савдосига чек қўйилди
Навоий, Қорақалпоғистон ва Фарғона ҳудудларида ўтказилган назорат харидлари давомида қурилишда фойдаланилаётган айрим арматура маҳсулотларининг белгиланган стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Мутахассислар бундай сифатсиз маҳсулотлардан фойдаланиш бино ва иншоотлар хавфсизлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти бўлими томонидан савдо шохобчаларида Эрон Ислом Республикасида ишлаб чиқарилган 20 мм. А400 маркали арматура маҳсулотига нисбатан назорат хариди амалга оширилди.

Лаборатория таҳлиллари натижасида мазкур маҳсулот белгиланган стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, текис ва даврий профилдаги арматура маҳсулотида углерод (C) миқдори меъёрларга мос эмаслиги, шунингдек, маҳсулот ёрлиқлари давлат тилида расмийлаштирилмагани маълум бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай номувофиқликлар арматура маҳсулотининг мустаҳкамлиги пасайиши, мўртликнинг ортиши, чўзилиш қобилиятининг камайиши ҳамда мўрт синиш хавфи кучайишига олиб келади. Бу эса бино ва иншоотлар хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдириши мумкин.

Шу муносабат билан савдо шохобчасига огоҳлантириш хати берилди ҳамда маҳсулотни савдодан чиқариш бўйича тақдимнома киритилди.
Масъуллар томонидан сифат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни бозордан ихтиёрий равишда қайтариб олган тадбиркорларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан масъулиятли ёндашувни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан Хўжайли туманидаги савдо шохобчаларида назорат харидлари ўтказилди. Унда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган А500Ц маркали арматура маҳсулотлари текширувдан ўтказилиб, лаборатория таҳлиллари амалга оширилди.
Таҳлил натижаларига кўра, ушбу маҳсулотлардан фойдаланиш юклама остида темир-бетон конструкцияларининг тўсатдан қулаши, сейсмик ҳудудларда биноларнинг мўрт бузилиши ҳамда арматуранинг ортиқча деформацияланиши туфайли бетонларда ёриқлар ҳосил бўлиши каби хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Фарғона вилояти бўлими томонидан Фарғона шаҳридаги Қиргули темир бозорида сотилаётган “ЗМ” бренди остидаги А400 маркали, 14 мм. диаметрли арматура маҳсулотидан ҳам назорат хариди амалга оширилди.
“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” ДМ қошидаги синов лабораторияси хулосасига кўра, мазкур маҳсулот ҳам амалдаги стандарт талабларига номувофиқ экани аниқланди. Мутасаддилар томонидан ишлаб чиқарувчи корхонага келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш, акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда кескин чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантириш берилди.
Қайд этилганидек, қурилишда фойдаланилаётган маҳсулот сифати инсон ҳаёти ва хавфсизлигининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА