Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянчи
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ёш авлодга сифатли таълим бериш ва улар учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, биноларни замонавий талаблар асосида янгилаш ҳамда ўқувчилар учун қулай таълим муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур жараён Наманган вилояти Чортоқ туманидаги таълим муассасаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, тумандаги 8-умумтаълим мактабида бино ва инфратузилмани замон талабларига мослаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда ўқувчилар учун муносиб шароит яратиш мақсадида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Мактабда энергия тежамкор технологияларни жорий этишга ҳам эътибор қаратилди. Амалга оширилган ишлар натижасида таълим муассасасининг шароити янгиланиб, ўқувчиларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун қулай муҳит яратилди.
Бугун мактабдаги янгиланишлар синфхоналардаги кундалик таълим жараёнида намоён бўлмоқда. Яратилган шароитлар ўқувчиларнинг дарсларни самарали ўзлаштириши, билим ва кўникмаларини ривожлантириши учун муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, таълим муассасаларида муносиб шароит яратиш ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама камол топтириш ва келажакда малакали мутахассислар бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА