Сианда “Ипак йўли” кинофестивали: экрандаги маданий мулоқот
Ипак йўли асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб, нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан, санъат ва маданият алмашинувига ҳам хизмат қилган. Бугун унинг тарихий руҳи замонавий кино санъатида давом этмоқда. Хитойнинг Сиань шаҳрида бошланган XIII “Ипак йўли” халқаро кинофестивали ана шу анъананинг замонавий ифодаси сифатида турли мамлакатлар кинематографистларини бир майдонга жамлади.
19 сентябрь куни ўтказилган фестиваль очилиш маросимида Шэньси провинцияси ва Сиань шаҳри раҳбарлари, кино соҳаси вакиллари, хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари, халқаро кино ташкилотлари вакиллари ҳамда турли мамлакатлардан келган ижодкорлар иштирок этди. Маросимда Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ҳам қатнашди.
13 йил аввал “Ипак йўли” ғояси асосида ташкил этилган кинофестиваль бугун халқаро кино санъатида маданий мулоқот майдонларидан бирига айланиб бормоқда. Бу ерда турли мамлакатлар кинематографистлари нафақат фильмларини намойиш этади, балки кино санъатининг бугунги тараққиёти, янги технологиялар ва соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашади.
Фестиваль очилишида Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби, ташкилий қўмита раиси Чжао Идэ тадбирга расман старт берди. Хитой Марказий радио ва телевидениеси директори Шэнь Хайсюн видео мурожаатида кинофестиваль йиллар давомида Хитой ва хорижий мамлакатлар кинематографистларини боғлайдиган муҳим маданий воқеага айланганини таъкидлади.
Шэньси провинцияси губернатори Чжао Ганнинг қайд этишича, “Ипак йўли” кинофестивали “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида маданий алмашинув ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Кино орқали турли халқларнинг тарихи, қадриятлари ва ҳаёт тарзи билан танишиш эса ўзаро англашувни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Фестиваль дастурида Мисрга алоҳида эътибор қаратилган. Бу йил Хитой ва Миср ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 70 йил тўлиши муносабати билан Миср тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида танланган. Миср Миллий кино маркази директори Аҳмад Солиҳ фестивалда мамлакат номидан иштирок этди.
Маданий мулоқот фақат экран билан чекланмайди. Фестиваль доирасида кино саноатини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муаллифлик ҳуқуқлари алмашинуви, кинотуризм ва технологик янгиликларга бағишланган профессионал учрашувлар ҳам ўтказилади.
Очилиш маросимининг ўзида эса кино ва замонавий технологияларнинг уйғунлиги намоён бўлди. Сунъий интеллект ва кенгайтирилган реаллик технологиялари асосида тайёрланган аудиовизуал дастурда раққослар ва гуманоид роботлар бир саҳнада чиқиш қилди. Хитой ҳамда бошқа мамлакатларнинг анъанавий куйлари замонавий саҳна ечимлари билан бирлашди.
Фестивалда миллий мерос ва замонавий кинематография ўртасидаги боғлиқликка ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Театр санъати ва классик фильмлар уйғунлигига бағишланган дастурлар, турли авлод вакиллари бўлган хитойлик кинематографистларнинг иштирокидаги лойиҳалар орқали анъана ва замонавийликнинг муштарак жиҳатлари намоён этилмоқда.
Бу йилги фестиваль “Ипак йўли дунёни бирлаштиради, нур ва соялар Чанъаньни ёритади” шиори остида ўтказилмоқда. Унда иштирок этиш учун 139 мамлакат ва ҳудуддан 2130 та фильм тақдим этилган. Бу фестиваль тарихидаги энг кенг халқаро қамров ҳисобланади.

Дастурдан болалар кинолари ҳам ўрин олган. Янги ташкил этилган “Ипак йўли болалар билан – болалар кинофестивали” секциясида дунёнинг турли мамлакатларидан 60 дан зиёд болалар фильми намойиш этилади. Шундан 15 таси танлов дастурига киритилган.
Фестиваль кунларида томошабинларга Хитой ва хорижий мамлакатларнинг 400 дан зиёд фильмини кўриш имконияти яратилади. “Олтин Ипак йўли” халқаро мукофоти учун эса “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши сценарий” ва бошқа номинациялар бўйича танлов ўтказилади.
Сиань шаҳридаги ушбу кинофестиваль шу тариқа тарихий Ипак йўлининг замонавий мазмунини кино санъати орқали намоён этмоқда. Турли мамлакатлар ижодкорларини бирлаштираётган тадбир 23 сентябрга қадар давом этади. Шу куни “Олтин Ипак йўли” мукофоти совриндорлари эълон қилинади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА